Ўзбекистонда ота-оналарга болаларни тарбиялашда жисмоний жазолаш тақиқланмоқда

Олий Мажлис Сенатининг 55-ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Сенат матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Мавжуд ҳуқуқий механизмлар унинг олдини олиш ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самара бермаяпти. Охирги 3 йилда 2 мингдан ортиқ фуқаро судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган, шундан 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортгани учун жавобгарликка тортилган.

Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.

Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун билан илк бор янги институт жорий қилинмоқда. Зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилмоқда. Ушбу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан 30 кун муддатгача берилади ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилади.

Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.

Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилмоқда.

Шунингдек, қонунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мазкур йўналишда фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланилишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилмоқда.

Қонун билан ота-оналар масъулияти яна бир карра оширилмоқда. Жумладан, ота-оналар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Муҳокама жараёнида ушбу қонуннинг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳурмат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.