Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Президент томонидан 13.03.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-919-сон Қонун имзоланди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.

Шу билан бирга, шахснинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлиги туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда мазкур шахс ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Шунингдек ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида ёнғин чиққанлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда (фуқароларга БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга – БҲМнинг 20 дан 25 бараваригача).

Давлат ёнғин назорати органларига ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектларига маъмурий жавобгарлик чоралари бевосита қўллаш ваколати берилмоқда.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.06.2024 йилдан кучга киради.