Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Самарқанд» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Э.нинг тўрт миллион сўмга харид қилинган телевизор билан муаммолар юзасидан қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчи мурожаатида билдиришича, у туман марказидаги «Ишонч савдо маркази»дан Rosso smart русумли телевизорни 4 083 625 сўмга харид қилади. Лекин хонадонга келтирилган телевизордан фойдаланишда муаммога дуч келади. Телевизорни хонадонга ўрнатиб бераётган уста томонидан телевизорнинг пульти ўзиники эмаслиги, шу сабабдан уни ишлатиб бўлмаётганлиги айтилгач, истеъмолчи савдо марказига бориб ушбу масалада мурожаат қилади. Савдо марказидагилар телевизор пультини топиб беришга ваъда берган бўлсаларда, масала охирига етказилавермагач, туман жамиятига бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб ариза билан мурожаат қилади.
Туман жамияти мутахассислари мазкур масалада савдо марказига ташриф буюрганларида, истеъмолчининг мурожаатида кўрсатилган важлар тасдиғини топди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эса, савдо марказида сотувда экран диагонали 43 дюймли худди шу русумдаги бошқа телевизор бўлмаганлиги сабабли, истеъмолчининг розилиги билан нуқсонли телевизор экран диагонали 32 дюймли телевизорга алмаштирилиб, амалдаги қонунчилик талаблари асосида, қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилди ва ортиқча сумма истеъмолчига қайтарилди.
Дилоромхон Мирзаева, туман жамияти бош мутахассиси.