Президентнинг 15.08.2023 йилдаги “Кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-278-сон қарори қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига чегаралари белгиланган кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларига бир ой муддатда доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисида қарор қабул қилиш топширилди.
2024 йил 1 январдан бошлаб:
ККУдаги кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш нотариуслар томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизими орқали тегишли мулкдорнинг мажбурий бадаллар ёки тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд эмаслиги текширилгандан кейин амалга оширилади;
умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда ККУга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг энг кам миқдори Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан белгиланади.
ККУни бошқариш органларига агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларида ёки чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлари билан келишилган махсус жойларда йиғишга рухсат этилади. Бунда:
мазкур чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўлов қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун белгиланган мажбурий тўловларга қўшилган ҳолда ягона тўлов сифатида ундирилади;
агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни (дарахт ва бута шох-шаббалари, барглари) ва ККУга туташ ҳудудларни тозалашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни йиғиш ва маиший чиқиндиларни тўплаш пунктларига ёки келишилган махсус жойларга етказиш тўлиқ ККУни бошқариш органлари томонидан амалга оширилади;
чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш операторлар томонидан ККУни бошқариш органлари билан келишилган ҳолда режа-график асосида амалга оширилади.
Қурувчи ташкилот қурилиши тугалланган кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни жалб қилади. Бошқарувчи ташкилот аниқланмаган ККУ фойдаланишга қабул қилинмайди.
ККУдаги умумий мол-мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг минимал рўйхати Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
Ўзбекистон Республикасида реновация дастурини амалга оширишни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ таркиби;
Уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида кўп квартирали уйларни бошқаришни янада самарали ташкил қилиш юзасидан “йўл харитаси”.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.08.2023 йилдан кучга кирди.