Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 16 декабрдаги ЎРҚ-810-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ва мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси қўйидаги мазмундаги XXXIII2 боб билан тўлдирилди. Ушбу боб, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш деб номланади.
Мазкур бобдаги тегишли моддаларга асосан, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланган тақдирда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилган пайтдан эътиборан 48 соат ичида уни реабилитация марказига ўттиз суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шартлиги, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома ва уни реабилитация марказига жойлаштириш зарурлигини тасдиқловчи материаллар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилиши белгиланган.
Судларга бериладиган илтимосноманинг шакли ва мазмунига қуйидаги талаблар қўйилган, хусусан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома судга ёзма шаклда берилади ва ички ишлар органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади. Илтимосномада, илтимоснома берилаётган суднинг номи, ички ишлар органининг номи ва жойлашган ери (почта манзили), муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, илтимосномага асос бўлган ҳолатлар, берилган илтимосноманинг асосларини тасдиқловчи далиллар бўлиши лозим.
Илтимосномада ички ишлар органининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида ушбу моддада назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган илтимоснома ички ишлар органига қайтарилади.
Бугунги кундаги амалиётга кўра, ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Туманлараро маъмурий судлар фақат вилоят марказларида жойлашганлиги, ҳудудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашганлиги ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётганлиги туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Қонунда таклиф этилаётган нормалар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларнинг ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шокиржон Мирзаматов, Риштон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.