Тадбиркор лицензиясиз фаолият юритиши мумкинми?

CАВОЛ:

Бир неча йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Очиғи, фаолиятни ўз вақтида ташкил этиш учун лицензия ёки рухсатнома ҳужжатларини олиш муаммо эди. Президентимизнинг Фармони билан лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнида бир мунча енгилликлар яратилибди. Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

Р. Алимов, Андижон шаҳри.

ЖАВОБ:

Президентимизнинг жорий йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада равнақ топтириш учун равон ва ёруғ йўл очди.

Аввало, бизнесни юритишдаги ортиқча бюрократик жараёнлар тубдан қисқарди. Яъни, руҳсатнома олиш учун, идорама-идора югуриш ва сансалорликлар барҳам топди. Лицензия ва руҳсатнома бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида эндиликда чўзилиш ҳолатлари кузатилмайди. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларига ўтишнинг соддалаштирилган механизмлари белгиланиб, бу борада шаффофлик таъминланди. Замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали идоралараро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Бу эса ҳужжатни тайёрлаш жараёнида у идорадан, бу идорага чопиш йўқ қилинганини англатади. Ўзингиз яшаб турган ҳудуддаги давлат хизматларига борсангиз бўлди. Фаолиятингиз лицензияланади. Таҳлилларга кўра, мазкур Фармон кучга киргандан кейин Андижон вилоятида 350 га яқин тадбиркор лицензияни электрон кўринишда олди.

Энди лицензиялаш ва рухсат бериш тартибидаги яна бир ўзгаришга эътибор қаратсак. Масалан, авваллари алкогол маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи тадбиркорлар лицензия олиш учун иккита – шаҳар ёки туман ҳокимликлари ҳамда вилоят ҳокимлигидаги идоралараро комиссиядан ўтишларига тўғри келарди. Эндиликда иккинчи – вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган идоралараро комиссия бекор қилинди. Шунингдек, туризм соҳасида ишбилармонликни йўлга қўймоқчи бўлганлар руҳсатнома олиш учун пойтахтга бориб келишларига тўғри келарди. Бу ортиқча оворагарчиликлар сабаб бўларди. Эндиликда бу соҳа вакилларига ҳам ўзлари яшаб турган ҳудуддаги давлат хизматлари марказидан лицензия олиш имконияти яратилди.

Маълумки, ишбилармон учун ҳар бир кун ғанимат. Авваллари руҳсатнома олиш учун керакли ҳужжатларни топшириб қўйгандан кейин бир неча кун кутарди. Фаолияти ё лицензияланарди ёки… Фармонда бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида ушбу ҳужжатни бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, тадбиркорга ўзи қайд этиб ўтган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи берилди. Фақат у лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилиб қўйса, бас. Хабарномани олган идора эса тадбиркорга беш иш куни ичида лицензия бериши шарт.

Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.