ФАРҒОНА ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР МАРКАЗИ 2022-2023 ЙИЛЛАР КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ШАЙ ҲОЛАТГА КЕЛТИРИЛДИ

Фарғона ИЭМ 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолини, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик ва электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида тегишли чора-тадбирларни амалга оширди ҳамда марказ мавсумга шай ҳолатга келтирилди.    

Корхонада мавсумга ҳозирлик кўриш давомида қурилмаларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.  

Жумладан, асосий тадбирлардан: 4-сонли турбогенератор мукаммал таъмирланди, 7-сонли ва 10-сонли қозон агрегати ўрта таъмирланди,  5, 6 ва 7-турбогенераторлар, 8, 9, 11 ва 12-қозон агрегатлари, 1, 2-буғлаш қурилмалари жорий таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари ёрдамчи қурилмаларнинг техник ҳолати текширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Маънан ва жисмонан эскирган ускуналар янгисига алмаштирилди.

Дунё миқёсида нефть, газ, кўмир каби қазилма бойликларининг заҳираси қисқариши ҳисобига таннархи ошиб бораётган ҳозирги шароитда аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун “яшил энергия”ни ривожлантириш долзарб масала саналади. Шу боис, Фарғона ИЭМда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фарғона ИЭМ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4422-сон қарори ижросини бажариш юзасидан 2020–2022 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури ишлаб чиқилган. 

Унга асосан, ўтган давр давомида автотураргоҳ, ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати биноси, ишлаб чиқариш цехлари, маъмурият биноси каби қатор иншоотларга қуёш панеллари асосида ишловчи ускуналар ўрнатилди. Бунинг эвазига жорий йилнинг ўтган даврида 200,2 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилинди.

Давлатимиз раҳбари раислигида 2022 йилнинг 10 июнь куни иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳам электр марказ томонидан кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.

Хусусан, жорий йилнинг июль ойида корхонанинг Қозон цехи биносига 60 кВт қувватдаги қуёш фото электр станцияси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ўз навбатида, корхонада йиллик иссиқлик энергиясини 47,5 Гкалга, электр энергиясини эса 108 минг кВт/соатга тежаш имконини бермоқда.  Шунингдек, марказнинг мавжуд биноларига 13 дона жами 2600 литрлик қуёш сув иситгичлари ўрнатилди.

Айни кунларда Фарғона иссиқлик электр марказида қуввати 1800–2000 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини бунёд этиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қуёш панеллари “Он-Грид” режимида ишлашини ҳисобга олганда йилига 7-8 млн. КВт қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ва ёқилғи ресурсларини тежаш, атмосферага зарарли газларнинг чиқишини камайтириш имконини беради.

“Иссиқлик электр стансиялари” АЖ Матбуот хизмати