Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йил 10 январь куни мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.
Унда бугунги глобаллашув даврида янгидан-янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлаётгани, жиноятларни содир этиш усул ва воситалари, хусусиятлари ўзгариб бораётганлигини, шуларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда кейинги икки йилда бу борада 100 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинганлигини айтиб ўтган эдилар.
Хусусан, ички ишлар тузилмалари ислоҳ қилиниб, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилганлигини ва туну-кун патруль хизмати йўлга қўйилганлигини, буларнинг самарасида ўтган йили жиноятчилик 33 фоизга камайганлигини, энди ҳокимлар ҳам ҳар куни ўз ҳудудидаги жиноятлар билан боғлиқ вазиятни шахсан муҳокама қилиб бориши алоҳида таъкидаланган.
Шунингдек, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашлари жиноятлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшиши кераклиги топшириқ қилиб берилган.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда “Маҳалла посбони” тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича уларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилганлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича “ҳудудлар тажрибаси”ни жорий этиш зарурлиги таъкидланиб, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларида ишлайдиган психолог-педагоглар мактабини яратиш, олий ўқув юртларида психолог кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилган.
Шунингдек, йиғилишда аҳолининг мулк дахлсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалари ҳам кўриб чиқилиб, эндиликда жамоат хавфсизлиги ва шахсий мулк дахлсизлигини таъминлашга Ички ишлар вазирлиги билан Миллий гвардия баб-баравар жавоб бериши таъкидланиб, фуқароларнинг ҳуқуқий мaдaниятини юксалтириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларда ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим омил бўлишини, лекин ҳуқуқий тарғибот кўпинча эскича усуллар, мажлисбозлик ва юзаки маърузалардан иборат бўлиб қолаётгани сабабли тўла самара бермаётганлиги, шу боис Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш вазифаси топширилди.
Юқорида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун, 2019 йил 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, Фармонда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ҳуқуқий билимларини ошириб боришнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, аҳолини, айниқса, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш мақсадида:
Биринчидан, қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланганди:
– аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;
– жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;
– ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;
– аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш;
– давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;
– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
– жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;
– оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;
– юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;
– жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.
Иккинчидан, “Юксак ҳуқуқий маданият-мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Учинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш “шахс-оила-маҳалла-таълиммуассасаси-ташкилот-жамият” принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилиши белгиланганлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.
А.ЭРГАШЕВ, Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судининг раиси