Ўзбекистон Республикасининг 2020-йил 16-мартдаги “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги ЎРҚ- 611-сонли қонунининг 20-моддасига асосан Аҳолини рўйхатга олиш дастурида фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, ёши, жинси, миллати, фуқаролиги, яшаш жойи (турган жойи), тилларни билиши, маълумоти, никоҳ ҳолати, болаларининг сони, уй хўжалиги таркиби, уй-жой шароитлари, бандлиги, яшаш учун маблағлар манбалари, мигратсия (ички ва ташқи). каби саволлар ўз аксини топган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Аҳолини рўйхатга олиш дастурига қўшимча равишда бошқа саволлар киритилиши мумкин. Жавоблари давлат сирларига ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли ахборотни ўз ичига олиши мумкин бўлган, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи саволлар киритилишига йўл қўйилмайди. Рўйхатга олиш варағининг шакллари Аҳолини рўйхатга олиш дастури асосида ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартиби қандай амалга оширилади?
Шахсга доир маълумотларни йиғиш мазкур қонуннинг 23- моддасида белгилаб қўйилганидек – респондентлар яшайдиган (турадиган) турар жойларни ва бошқа хоналарни айланиб чиқиш чоғида ёхуд маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ушбу мақсадлар учун бериладиган хоналарда респондентлар сўровини ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш варақларини тўлдириш орқали амалга оширилади.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш ахборот хавфсизлигини таъминлаш талабларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникатсия технологияларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин.
Респондентлар сўрови давлат тилида ўтказилади. Давлат тилини билмайдиган респондентлар она тилида ёки эркин равишда танланган мулоқот тилида сўровдан ўтказилиши мумкин.
Рўйхатга олиш варақлари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати ичида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар бўлган респондентлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар улар уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади.
Респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Аҳолини рўйхатга олиш дастурида назарда тутилмаган саволлар бўйича шахсга доир маълумотларни йиғиш тақиқланади.