Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ер майдонини 3 млн долларга сотишга уринган шахслар ушланди. Бу 15 апрель куни Бош прокуратура ва ИИВ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.
Сотиш режалаштирилган 40 гектар ер майдони аслида Бўстонлиқ тумани ҳокимининг тегишли қарори билан «M.B.B.» масъулияти чекланган жамиятига 30 млн АҚШ доллари миқдорида инвестицион лойиҳани амалга ошириш шарти билан мактабгача таълим муассасаси ва савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилиши учун ажратилган бўлган.
Бироқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга МЧЖ мансабдор шахслари бугунги кунга қадар ушбу ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширмасдан «Элмурод» исмли шахс орқали сотаётганлиги ҳақида тезкор маълумот келиб тушган.
Тадбир давомида 40 гектар ер майдонига эгалик ҳуқуқи бўлмаган тўрт нафар тадбиркор ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ёрдамчиси фуқаро Д.А.га 3 млн АҚШ доллари эвазига сотишга келишиб олган. Шундан 180 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланганлар, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.