Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2022 йилдаги «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 80-сон ҳамда 22.02.2022 йилдаги “Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб–таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 86–сон қарорлари қабул қилинди.
Ҳужжатлар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун ҳамда Президентнинг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинди.
Ҳужжатлар билан қуйидагилар тасдиқланди:
Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби ва рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомлар;
Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарорларни республика даражасида қабул қилувчи ваколатли органларнинг шикоятларни кўриб чиқиш бўйича апелляция кенгашининг намунавий таркиби.
Низомлар лицензиатлар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат эгаларининг фаолиятини назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини “Лицензия” ахборот тизими орқали юритиш тартибини белгилайди. Улар лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш ва рухсат беришга оид талаблар ва шартларни ҳамда қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:
Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш учун ариза бериш ва уни кўриб чиқиш;
Лицензияни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни қайта расмийлаштириш, муддатини узайтириш ва ўзгартириш;
Лицензиянинг ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, бекор қилиш ва тўхтатиш;
Тегишли органлар қарори ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш;
Лицензиялар ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрини юритиш.
Лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат берилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг талабгор томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги;
талабгорнинг лицензия ёки рухсат беришга оид талаблар ва шартларга мувофиқ эмаслиги;
талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
ўтказилиши шарт бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асосланган салбий хулоса олинганлиги.
Бошқа асослар лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни беришни рад этишга сабаб бўла олмайди.
Фаолиятнинг лицензияланадиган турини ёки унинг кичик турини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ёки рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжат асосида фаолиятни амалга ошираётган юридик ёки жисмоний шахслар учун мазкур қарор билан белгиланган лицензия ва рухсат бериш талаб ва шартлари 2022 йил 1 июндан кучга киради.
Ҳужжатлар Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.03.2022 йилдан кучга киради.