ҲАЙРАТ, ТААССУРОТ, МИННАТДОРЛИК

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз-ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда ҳар соҳада бўлганидек, ёшлар билан ишлаш масаласида ҳам давлат даражасида эътибор қаратилаётгани, уларнинг ўз касбининг фидоийси бўлиб вояга етишида барча шарт-шароитларни яратиб берилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Албатта, ушбу ҳаракатнинг хайрли бўлиши ва келгусида юқори натижага эришиш мақсадида Янги Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган эътибор бу соҳада кенг кўламдаги ишлар олиб борилаётганини исботлайди. Эътирофу эъзоздан руҳланган умидимиз юлдузлари қўлга киритаётган натижалар ҳам албатта, ҳайратланарли.

Қадрли юртдошим! Аслида, бу натижаларнинг қўлга киритилаётгани тасодиф эмас, ахир, бутун дунёни ҳайратга солган ўз илми билан маънавиятимизнинг асл сарчашмаларини яратиб кетган буюк алломаларимизнинг муносиб издошлари бу юртда яшашади. Шу ўринда кўнглимда фахр ва ифтихор туйғуси жўш урганидан  бир лаҳза бўлсада, тарих саҳифаларини  варақлашни истадим: 9 асрда буюк бобокалонимиз Муҳаммад ал-Хоразмий  алгебра фанига асос солиб, миллатимизнинг бу соҳада тенгсиз эканлигини бутун жаҳон оммасига исбот этди. 10 асрда Абу Наср Форобий Аристотелнинг «Метафизика» асарига энг мукаммал шарҳ ёзиб,  «иккинчи устоз» унвонини олган бўлса, 11 асрда Абу Райҳон Беруний ер билан Ой ўртасидаги масофани ўлчади, Ибн Сино эса, тиббиёт Қомуси-«Тиб қонунлари» асарини яратди. 14 асрда эса, Соҳибқирон Амир Темур Евросиёнинг ярмини тасарруфига олиб, 27 та давлатни ўз байроғи остига бирлаштириб, марказлашган Турон давлатига асос солди.

Шу билан биргаликда, дунё илм-фани ривожида ўз ўрнига эга бўлган олимлар, фузалолар, улуғ инсонларнинг бошини силаб, ўлмас обидалар яратилишига ҳисса қўшган, илм-фан, маданият, адабиёт ва санъатнинг ривожи учун замин ҳозирлаган бўлса, 15 асрда Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузнинг ҳаракат жадвалини тузди. Сўз мулкининг султони ҳазрат Навоий эса, гўзал ва муҳташам асар «Хамса»ни ёзиб, туркий тилнинг ниҳоятда бой ва жозибали, оҳангдор, нафис ҳамда сержило тил эканлигини дунё аҳлига намоён этди.

Бу билан туркий тилни зулмат ва ҳақорат ботқоғидан, шараф осмонининг энг олий пештоқига олиб чиқди. 16 асрда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Бобурнома» оламга тарқалган бўлса, 17 асрда Шоҳжаҳон дунёдаги етти мўъжизанинг бири деб эътироф этиладиган ўлмас обида- «Тожмаҳал»ни бунёд этди». Ҳа, улуғларимиз номини қанча санасак, шунча кўплиги барчани ҳайратга солса, уларга муносиб бўлишга интилаётган эртаси нурли бўлишга эришмоқ истаган ёшлар иштирокидаги чиқишлардан бир олам таассурот олсам, кейингиси шу юртнинг фарзанди аржуманди эканимдан қалбим фахр ва ифтихор ҳиссини туяди.

Ҳа, азиз Юртбошим, Сизни ишонтириб айтаманки, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон қалбига ғурур туйғусини туҳфа айлайдиган бу жарангдор номлар чиқиши тарихимизда яна  давом этади. Ишонаманки, Сизнинг ташаббусингиз билан ёшларимиз эришаётган улкан ютуқлар Янги Ўзбекистон бунёдкорларининг сафи кенгайишига, уларнинг боболарига муносиб издош бўлишига замин бўлади. Бу Ёшлар албатта, Ватан учун хизмат қилади ҳамда унинг шарафли номини кўкларга кўтаради.

Биздан талаб қилинадигани шу ўринда аждодларга муносиб авлод тарбиялашдир. Бу масала ҳаётимизнинг мазмунига айланган энг муҳим масалалардан бирига айланмоғи зарур. Айниқса, зиёлилар зиммасидаги юк жуда оғир. Чунки улар миллатнинг эртаси бўлган, эртага Янги Ўзбекистонни бунёд қиладиган кўзи ёниқ ва юраги шижоатга тўла бўлган ёшларни тарбиялайди. Бугун ана шу умидли ёшларга ишонган Юртбошимиз улар учун барча-барчасини муҳайё этмоқдалар.

Куни кеча «Тошкент: Ёшлар форуми-2021» доирасида ўтказилган тадбирлардан келиб чиқиб, юрак юрагимдан ўтганларини Сиз билан диллашгим келди.

Биласизми, жараёнда ҳар бир тизимнинг раҳбарлари Ёшлар олдига чиқиб, ҳисоб бериши, Ёшларнинг эса, ўзларини безовта этган муаммоли саволларига улардан жавоб сўраши бу юртимизда олиб олиб борилаётган сиёсатнинг шаффоф кўринишидан бири десам муболаға бўлмайди. Чунки, ўзингиз ўйланг бирон пайтда, раҳбарлар халқ олдига ёки Ёшлар олдига чиқиб ҳисоб берганми?! Ёки келгусидаги режалар хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашганми?! Ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги тўсиқлар, маълум бир ёзилмаган нарсалар олиб ташланганми?! Айниқса, ушбу тадбирларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилаётган «Маърифат майдони», «Талабалар театр студиялари» фестивали, «Заковат» интеллектуал танловлари ғолибларининг иштирок этиши, мўлжалланган танловларнинг якуний босқичини форум доирасидаги турли тадбирлар мисолида ўтказилиши ёшларга берилган юксак эътиборнинг яна бир намунаси, уларга бўлган ишонч, келаётган янги йил олдидан эса янги марраларни забт этишга ундаши, янги режалар тузишга чорлаши, янги имкониятлар эшигининг очилиши десам фикрим хато бўлмайди деб ўйлайман. Кузатишларим асносида юрагимдан ўтганларини айтишни истадим. Маънавиятчи сифатида, ёшлар етакчиси сифатида,рости ҳаяжондан тўлқинланиб кетдим.

Жаннатмонанд юртга фараҳбахш кунларнинг ҳар бири ярашади дегим келаверди. Чунки, сўзга ошно бўлган, адабиётни севган, китобни қадрлаган инсоннинг албатта, эртаси бўлади. Мен бунга ишонаман. Бугун бутун дунё Ёшлари учун бор имкониятни яратиб берган уларнинг ростданда умидимиз юлдузлари, чинданда миллатнинг эртаси уларга боғлиқ эканини исботини Муҳтарам Юртбошимизнинг ёшлар сиёсати борасида олиб бораётган ишлари мисолида кўриб турибди. Зеро, Сизнинг кучли тафаккур эгаси эканлигингизни бугун дунё Ёшларингиз юртнинг ҳар қарич тупроғини эъзозлаш, ардоқлаш, унинг келажагига муносиб ҳисса қўшмоқ мақсадида эришган улкан натижаларида ҳам кўриб турибди ва «Учинчи Ренессансни Ёшлар билан бирга қурамиз» деган пурмаъно сўзларингиз бежизга айтилмаганига ҳам тан бермоқда.

Ҳа, бу юртга шундай улуғликлар, улкан ғалабалар, тўйлар, тантаналар ярашади. Чунки, бу юртда Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, Ҳаким Термизий, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Ибн Сино ва бошқа улуғ алломаларимизнинг ҳақиқий издошлари яшайди.Шу боис, ана шундай улуғликка муносиб бўлмоқ асосий мақсадимиз экан, бу йўлда Сизга кўмакчи бўлиб ишлашга тайёрмиз! Бугун Янги Ўзбекистон феноменининг яратилиши Сиз билан боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Мен шу юртда яшаётган маънавиятчи сифатида ёшлар масаласида амалга оширилаётган барча ишларни қўллаб-қувватлайман. Ҳайрат, таассурот, миннатдорликка тўла ўтган ҳар бир куним, сониям учун Аллоҳга шукрона айтиб яшайман. Илоҳим, бахтидан энтиккан диллар яшаётган юртнинг ёшлари ҳамиша бошингиз сарбаланд бўлсин! Олтиндан ҳам қиммат бўлган вақтингизни унумли сарфлаб, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлида ҳамиша омадлилар сафида бўлинг дегим келди.

                                            Мирзоҳид Ботиров,
ФарПИ проректори