Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси тизимидаги туман ва шаҳар жамиятларида ҳуқуқий ҳимоя йўналишида меҳнат фаолияти олиб бораётган мутахассислар учун ўқув ташкилланди.
Ўқув тадбири Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланиб ташкилланиб, истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлиги, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асослари, суд жараёнларида истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳужжатлар тайёрлаш, суд жараёнларида қатнашиш, суд қарорларини ижроси ва бошқа шу каби масалаларни ўз ичига олди.
Ўқув тадбирини кириш сўзи билан очган ҳудудий бирлашма раиси ўринбосари – ижрочи директор Дилшоджон Фозилов мазкур тадбирни ташкиллашдан кўзланган мақсад хусусида тўхталар экан, ҳудудий бирлашма ижро этувчи аппарати томонидан ходимларнинг ҳуқуқий билими ва касбий маҳоратини ошириш борасида бу каби тадбирлар тизимли асосда ўтказиб келинаётганлиги, тадбирларга ўз соҳасида муайян ютуқларга эришган мутахассислар таклиф қилиниб, улар томонидан тизим ходимларига амалий ва услубий кўрсатмалар берилаётганлиги, мастер класслар ўтказилаётганлиги тўғрисида гапириб ўтди. Шунингдек, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги арафасида ташкилланганлигини айтиб ўтиб, барчани байрам билан қизғин муборакбод этди.
Шундан сўнг Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Шерзоджон Таджиев ҳамда судлов ҳайъат мутахассиси Жаҳонгир Худойбердиевлар тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности меъёрий ҳужжатлари бўйиа истеъмолчи ҳуқуқи, истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, ишларни судларда кўриш учун ҳужжатлар жамламасини тайёрлаш, судларда иштирок этиш ва бошқа шу каби масалаларда атрофлича маълумотлар, амалий ва услубий йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бериб, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.
Шунингдек, иштирокчилар тадбир доирасида “Коррупцияга оид жиноятлар учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари”, республика ҳудуди бўйича ўтказилаётган “Биз зўравронликка қаршимиз” мавзусига бағишланган 16 кунлик фаол ҳаракатлар тарғибот компанияси, “Кредит ва қарз билан боғлиқ низоларни олдини олиш” каби масалалардаги маърузаларни ҳам тинглашди.