Эндиликда педагог ходимлар умумий белгиланган ёшдан беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олишлари мумкин.
Адлия вазирлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бу ҳақда белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Ҳужжат лойиҳаси педагог ходимларни ижтимоий ҳимоясига оид бандлар билан ҳам тўлдирилмоқда.
Унга кўра, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланади. Таълим ташкилотларининг педагог ходимларига қисқартирилган иш вақти давомийлиги белгиланади.
Давлат таълим ташкилотларининг педагог ходимларига қуйидагилар кафолатланади:
– эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил;
– байрам (ишланмайдиган) кунлари муносабати билан бир базавий лавозим маоши миқдорида мукофотлар;
– узайтирилган таътил берилганида, календар йилда бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам.
Табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида, қишлоқ жойларида ишлайдиган педагог ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда коммунал тўловларни тўлаш учун компенсация тўланади.
Мазкур қонундагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.