Эндиликда тижорат банклари мижоз, яъни жисмоний шахсларни янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки штампсиз паспорт билан ҳам идентификация қилишлари мумкин. Бу ҳақда МБнинг тегишли хатига таяниб, «Капиталбанк» Apelsin филиали раҳбари Сергей Гимадиев маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 389-сонли қарорига мувофиқ, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжат мақоми берилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилдаги 320-сонли қарорига асосан фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинган.
Шу боис тижорат банклари жисмоний шахслар бўйича қўшимча идентификация маълумотларини Идоралараро интеграллашган платформа тизими орқали олишлари мумкин.