ДСҚ келаси йилдан ўзини ўзи банд қилган шахсларга тенглаштирилган мигрантлар солиқ тўлашни бошлаши ҳақидаги хабарларни рад этди.
Дам олиш кунлари бир қатор ОАВларида президент фармонига таяниб, 2021 йилдан меҳнат мигрантларига меҳнат стажи ёзилиши ва солиқ тўлашни бошлаши маълум қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади ва унга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.
Давлат солиқ қўмитасининг таъкидлашича, ЎзР Солиқ кодексининг 369-моддасига кўра ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслар тўлайдиган даромад солиғидан озод қилинади.
Ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат стажи ёзилиши ва келгусида пенсия расмийлаштирилишини истаса, ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Мазкур тўлов миқдори 2020 йил учун энг камида БҲМнинг 50% миқдорида белгиланган, бу ҳозирги вақтда 111 минг 500 сўмни ташкил этади.
Қайд этилишича, ўзини ўзи банд қилган шахс ижтимоий солиқ тўлаши мажбурий эмас, бу ихтиёрий этиб белгиланган.