Uzbekistan Airways қўл юклари ташувига чекловлар жорий этди. Мазкур қарор ижтимоий масофага амал қилиш, ўриндиққа жойлашиш вақтини қисқартириш, шунингдек, йўловчилар ва экипаж аъзолари ўртасидаги ортиқча мулоқотни чеклаш мақсадида қабул қилинди, дея хабар берди авиакомпания матбуот хизмати.
«Эндиликда, ҳаво кемаси саҳнига фақатгина парвоз вақтида зарур бўладиган аёллар сумкаси, портфел, ноутбук, болалар ашёлари солинган сумкани олиб кириш мумкин. Бошқа нарсалар эса қатновга рўйхатдан ўтилаётган вақтда багажга топширилиши шарт», — дея қайд этди ташувчи.
Фойдаланилмайдиган қўл юки бепул ташиш мумкин бўлган багажга қўшилади. Яъни, белгиланган 8 кг қўл юкидан фақатгина 2 кг ни самолёт саҳнига олиб кириш мумкин. Қолган 6 кг эса багаж учун рухсат берилган юк миқдорига бепул қўшилади, дея аниқлик киритди компания.