Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, дарсликлар тўплами учун ижара тўловларини ҳисоблаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соддалаштириш ва ота-оналарга қулайликлар яратиш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови жорий қилинди.
Бунда, бир дона дарслик ёки машқ дафтари учун ягона ижара тўлови 2200 сўм ҳисобланиб, тўплам таркибидаги дарсликлар ва машқ дафтарлари сонидан келиб чиқиб, синфлар ва таълим тиллари кесимида ижара тўлови миқдорлари белгиланди.
Пандемия шароитидан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йили учун истисно тариқасида умумтаълим муассасасида дарсликлар тўплами учун ижара тўловини амалга ошириш муддати жорий йилнинг 10 октябригача узайтирилди. Шу билан биргаликда, ота-оналарда мазкур тўловни амалга ошириш билан боғлиқ муаммо мавжуд бўлса, ижара тўлови муддатини узайтириш тўғрисида умумтаълим муассасасига мурожаат қилишлари мумкин. Ижара тўлови муддати узайтирилган ҳолларда, мазкур тўловнинг 50 фоизи 10 октябргача, қолган қисми эса 30 ноябргача тўланиши лозим.
Ҳукумат томонидан ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган оилалардаги ўқувчиларни умумтаълим мактаб кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминлаш тартиби ўрнатилган.
Таъкидлаш жоизки, ўрнатилган тартибга асосан дарсликлар тўлиқ тўпламда ижарага берилади. Дарсликлар тўпламлари тўлиқ берилмаган ҳолатларда ота-оналар Қорақарпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг қуйидаги келтирилган ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги огоҳлантирилган.