Президентнинг 22.06.2020 йилдаги Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси тасдиқланди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан БМТнинг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Мамлакатимиз уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланиши хизмат қилади.
Қуйидагилар халқаро шартномалар нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.
Шунингдек, Фармон билан қуйидагилар тасдиқланди:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ (кейинги ўринларда – Марказ) Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:
мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;
доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;
ҳар чоракда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;
Марказ ходимларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 30%игача, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 60%игача қўшимча ҳақ тўланади.
Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади. Бунда, вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир. Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ҳар 6 ойда Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида вазирлик ва идораларнинг ахбороти тингланади.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилади. У инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида (10 декабрда, таҳр.) топширилади.
Ҳар икки йилда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ўтказилади.