15 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2652 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Унга кўра, 7 нафар янги касалланиш ҳолатининг 3 нафари хориждан келиб, карантинга олинган, қолган 4 нафари ҳам олдиндан карантин муассасаларида кузатувда бўлган фуқаролар орасидан аниқланди. Хориждан келиб, касалланиш қайд этилган 3 нафар фуқаро 9 ва 13 май кунларида Тожикистондан келган ва карантинга олинган.
Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 505 киши даволанмоқда, 8 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.
Айни пайтда 46 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 15 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, қолган 31 минг нафари уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган.
Шунингдек, Республикадаги мавжуд вирусологик лабораторияларда 460 мингтадан ортиқ тест синовлари ўтказилди. Кечаги куннинг ўзида 14,7 мингдан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилди, деди Нурмат Отабеков.
Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2136 кишини ташкил этмоқда. Ўн бир киши ҳаётдан кўз юмган.