Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 11 май куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан бир қатор кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят кодекси «Ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бўзиш» учун жавобгарлик белгиланган беш қисмдан иборат 173−1-моддаси билан тўлдирилмоқда. Ушбу модданинг биринчи қисмига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий ишлар ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазо белгилаш назарда тутилмоқда.
Модданинг иккинчи қисмида эса жавобгарликни оғирлаштирилган ҳолатлар кўрсатилган бўлиб, ер участкаларини олиб қўйиш тартибини бузиш — олиб қўйилаётган ер участкасидаги бино, бошқа иморат, иншоот ёки дов-дарахтлар ёхуд уларнинг қисмларини, зарарнинг ўрни мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлашга сабаб бўлса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, муайян ҳуқуқдан чекланган ҳолда 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Модданинг учинчи қисмида худди шундай ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, айбдор 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ва тўртинчи қисмига мувофиқ, худди шундай ҳаракатлар кўпчилик учун хавфли бўлган усулда ёки жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Юқорида қайд этилганидек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ер участкаларини олиб қўйиш учун жавобгарлик кўрсатилган 61−3-моддаси билан тўлдирилмоқда.