«Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган 78 турдаги дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати тасдиқланди.
Маълумот учун, Президентнинг тегишли Фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача мораторий жорий этилган.
Қарорга кўра, мораторий жорий этилган давлат ўрмон фондига кирмайдиган ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесиш бўйича:
давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аризаларни қабул қилишга;
ҳудудий экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун хулосалар беришга;
туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатномалар расмийлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Табиий омиллар, касалликлар таъсирида шикастланган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солаётган дарахтларни кесиш ва қирқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга риоя қилинган ҳолда фақат туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади.