Мақсаджон Зокиров Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳрида фаолият кўрсатар эди.
У электр энергия ва табиий газдан фойдаланиш тартибини назорат қилиш шўъбаси давлат инспектори лавозимида ишлади. Вазифаси ҳудудлардаги газ, электр каби коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун юзага келган қарздорликни ундириш, улгуржи истеъмолчилардан аввалдан тўловларни амалга оширишни таъминлаш, энергия ресурсларидан юзага келган қарздорликни тўламаган тақдирда тармоқдан уздириш, улардан ноқонуний фойдаланилганда эса далолатнома расмийлаштириш ва чора кўришдан иборат бўлган.
М.Зокиров қўқонлик Абдубанноб Тиллаев(исм-фамилияси ўзгартирилган)ни яхши биларди. Унинг хонадонидаги электр ҳисоблагич шаҳар электр таъминоти корхонасидаги базага киритилмаганлигидан ҳам хабардор эди.
Бундан бир йил муқаддам А.Тиллаевнинг хонадонига борган Мақсаджон сарфланган электр қарзини унга тўлашини айтади. Ҳудуд назоратчисининг “3 миллион қарзингиз бор” деган гапидан кейин хонадон соҳиби бунинг сабабини сўрайди. Назоратчи эса ушбу хонадонга далолатнома ҳам расмийлаштирилганлигини баён қилади.
Қарздорлик борасида судга ҳужжатларни тақдим этиш билан А.Тиллаевни қўрқитиб, далолатнома бўйича ҳам қарздорликни тўлашни талаб этади.
3 миллион тўлашга ҳоли йўқ жабрланувчи эса Қўқон шаҳар электр тармоқлари корхонасига аниқлик киритиш мақсадида боради. Оператор унга яшаётган манзили компьютер базасида мавжуд эмаслигини таъкидлайди. Хонадон учун ҳам далолатнома расмийлаштирилмаганлигини қўшиб қўяди.
Ундирувчи ва тўловчилар яна учрашадилар. Катта миқдордаги бу маблағни тўлай олмаслигини айтганида Мақсаджон Абдубанноб Тиллаевга 2 миллион сўм эвазига барча қарздорлигу далолатномаларни йўқ қилиб беришини билдиради. Янгидан пластик картали электрон ҳисоблагич ўрнатиб, компьютер базасида ҳам абонент рақами очиб беришга ваъда беради. Акс ҳолда, қарздорликни Мажбурий ижро бюросига ўтказиб юборишини ҳам қўшимча қилади.
Танг аҳволда қолган хонадон соҳиби М.Зокировнинг ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади. Мақсаджон тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинади.
Суд, судланувчи Мақсаджон Зокировга жазо тайинлашда содир қилган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражаси, шахси, ёши, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, иш бўйича моддий зарар мавжуд эмаслиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланиши, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.
М.Зокировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақидан 25 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 62-моддасига асосан, М.Зокировнинг қамоқда ўтирган ҳар бир кунини ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг уч кунига тенглаштириб, жазони 6 ой 6 кунини ўталган деб ҳисоблаб, ўташ учун юқоридаги жазо 2 йил 5 ой 24 кун муддатга ахлоқ тузатиш жазосига қолдирилди.
Инсон қайси вазифада ишламасин, тўғрилик ва ҳалолликни ўзига шиор қилиб белгилаб олса, ҳеч қачон қоқилмайди. Мақсаджон ҳам бугун қилмишидан пушаймон. Бироқ, сўнгги пушаймон – ўзингга душман деб халқимиз бежизга айтмаган.
С. АБДУРАХМОНОВА.