Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан янги таҳрирдаги «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро муҳокамаси ўтказилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти талаблари асосида ривожлантириш, инвестиция фаоллигини ошириш ва ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш учун амалдаги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш давр тақозосига айланди. Ҳужжатда мавжуд камчиликлар ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Лойиҳада бандлик соҳасига хусусий секторни жалб этиш принциплари ва тартиб-таомиллари белгиланган, бандликнинг янги шаклларидан: вақтинчалик ишлар, ёлланиб ишлаш, масофадан туриб ишлашдан юзага келадиган меҳнат муносабатларининг хусусиятлари акс эттирилган. Шунингдек иш ўринлари яратаётган ва ишга жойлашишга кўмаклашаётган иш берувчиларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш тартиби қайд этилган.
Йиғилиш якунига кўра қўмитанинг тайёрланган қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.