Коммунал хизматлар ҳақи неча пулга тушишини Телеграм-бот орқали билиб олиш мумкин

MIBInfoBot истеъмол қилинган табиий газ, сув, электр энергияси, чиқиндиларни олиб чиқиш ва ҳудудларни тозалаш хизматлари ҳақида ахборот олиш имконини беради.

«Ўзтрансгаз» АЖ Мажбурий ижро бюроси ва бошқа сервис-компаниялар билан биргаликда аҳоли истеъмол қилинган табиий газ ва бошқа коммунал хизматлар учун мавжуд қарздорлик ҳақида тўлиқ ахборот олиши учун Телеграм-ботни ишга туширди.

Бунинг учун «Телеграм» мессенжерига кириб, «қидирув» бўлимига MIBInfoBot киритиш лозим. Илованинг десктоп-версиясидан фойдаланувчилар https://t.me/MIBInformerBot ҳаволаси орқали ҳам киришлари мумкин. Бот ахборот олиш, ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичларини киритиш, рўйхатдан ўтганлигини текшириш ва ҳуқуқий ёрдам олиш имконини беради.

Ўз телефон рақамингизни юбориб, тегишли ячейкани («газ», «сув», «электр энергияси», «MaxsusTrans» ёки «Toza hudud») танлашингиз, шахсий счётингизни ва зарур бўлганда ҳисоблагич кўрсаткичларини жўнатишингиз лозим. Телеграм-бот саноқли сонияларда дебитор-кредитор қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Бу онлайн режимда кўрсаткичларни киритиш ва солиштириш, ўз харажатларини назорат қилиш ва тўловларни ўз вақтида тўлаш имконини беради.

Айни пайтда бот тест режимида ишламоқда.