Бизнесда низоларни бартараф қилиш асослари такомиллашади

Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан “Халқаро арбитраж: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, “Минтақавий мулоқот” ХНТ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд судьялари, Адлия вазирлиги, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси, халқаро даражадаги нуфузли юридик фирмалар вакиллари ва бошқа экспертлар иштирок этишди.

Мамлакатда хорижий инвесторлар фаолияти учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, хусусан, чет эл сармоялари билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий стандартларини атрофлича муҳокама қилиш, бу борадаги халқаро амалиёт ва тажрибани ўрганиш, пировардида мамлакатимизда юқори даражада қулай инвестицион муҳитни шакллантириш масаласи иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Элдор Туляков, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

– Маълумки, кейинги вақтларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар ва бутун дунёга очиқ сиёсатнинг самараси ўлароқ, турли давлатлар сармоядорларининг юртимизга бўлган қизиқишлари тобора ошмоқда. Жалб этилаётган инвестициялар оқимининг ортиши давлатлараро тижорий шериклик муносабатларининг шакли ва миқдори ўсишига замин яратади. Бу, ўз навбатида, халқаро миқёсдаги янги ижтимоий муносабатларни шакллантириш ва уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашни тақозо этади. Айни шу йўналишдаги масалалар ечими халқаро арбитражнинг асосий вазифасидир. Бинобарин, бу ўринда тадбиркорлар ва хорижлик инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам қонунчилик базасини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, жорий йилги Давлат дастурида «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган. Бугунги тадбир ушбу қонун лойиҳасини халқаро амалиёт ва тажриба билан қиёслаш ва таҳлил қилиш орқали асосли таклифлар билан янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Кэролин Лэмм, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси

“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан суд қонунчилиги ҳамда мамлакатнинг инвестицион муҳитини яхшилаш каби муҳим масалаларга оид лойиҳаларни ўтказиши муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, маҳаллий мутахассислар жаҳонинг етакчи юридик фирма ва компанияларида малака оширишларига давлат раҳбари даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда, бу борада фаол бўлиш ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Зеро айнан малака ошириш ва мунозаралар давомида мутахассислар халқаро арбитраж ишларини қандай олиб боришнинг сир-асрорларини ўзлаштиради. Бу эса, Ўзбекистонда арбитраж институти фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар томонидан таъкидландики, инвестициялар билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишнинг замонавий ва халқаро стандартларга асосланган механизмларини шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш масаласини яхлит қонун билан тартибга солиш талаб этилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси эса, ҳар томонлама пухта, бевосита қўлланувчи нормалардан иборат бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Иштирокчилар бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар талаблари, миллий ўзига хослик ва тажрибадан келиб чиқиб таклиф-мулоҳазалар, тавсиялар билдиришди.

ШУНИНГДЕК, ДАВРА СУҲБАТИ ДАВОМИДА НУФУЗЛИ «CLEARY GOTTLIEB STEEN & HAMILTON» ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФИРМАСИ ВАКИЛЛАРИ ҲАМ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ. УЛАР ТОМОНИДАН “ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ КУТУБХОНАСИГА ҲУҚУҚШУНОСЛИККА ОИД БИР ҚАТОР ЯНГИ АДАБИЁТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ.

Давра суҳбати якунида ишлаб чиқилган таклифлар “Тараққиёт стратегияси маркази”да умумлаштирилиб, тегишли тартибда Ишчи гуруҳга тақдим этилиши ҳақида келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати