200 та энг замонавий ультратовуш текшируви аппарати харид қилиниб, жойларга етказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган “2018 – 2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликларга қарши оммавий скрининг текширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Шунингдек, ушбу дастурда замонавий скрининг хизматидан мамлакатимизнинг энг олис туманларида яшовчи аҳоли ҳам тўлиқ баҳраманд бўлишини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб,ушбу вазифалар ижроси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳомиладор аёлларни ультратовуш текширувидан тўлиқ ўтказиш тизими йўлга қўйилиб, бу борада барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
– Президентимиз ташаббуси билан Давлат бюджети ҳисобидан дунёдаги нуфузли “General Electric” компаниясининг энг замонавий 200 та ультратовуш текшируви аппаратлари харид қилинди. Мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг пренатал ташхис хоналари юқори технологик имкониятга эга бўлган ушбуаппаратлар билан жиҳозланди,– дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Натижада, илгари ҳомиладор аёллар пойтахтимиз ёки вилоят марказларига сарсон бўлиб, келиб-кетишган бўлса, ҳозирда бунга ҳожат қолмади. Бундан ташқари, авваллари ҳомиладор аёлларимиз ультратовуш текшируви билан 40-50 фоиз қамраб олинган бўлса, айни пайтда юртимизда ҳар йили ўртача 700 минг нафар ҳомилардор аёлларимиз юзфоизскрининг текшируви билан қамраб олинади. Энг муҳими, 14 ҳафтагача бўлган муддатдаги ҳомила ўсишида туғма нуқсонларни барвақт аниқлаш, ўлимга олиб борадиган нуқсонларга эга болалар туғилишининг тўлиқ олдини олиш имкони пайдо бўлди. Эндиликда шифокорларимиз янада масъулиятли бўлиши баробарида, ҳомиладор аёлларимиз ҳам ўз вақтида скрининг текширувидан ўтишга эътиборли бўлиши лозим.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими