Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар, очиқ мулоқотлар ўтказиш билан бирга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижросини ўрганиб, уларни таҳлил қилмоқда.
90 – Бешариқ сайлов округидан сайланган депутат – Меҳнат ва ижтимоий масалалари қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева Фарғона вилоятининг Фурқат туманида сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотларда депутат томонидан 2018 йилда парламент томонидан қабул қилинган қонунларнинг мазмун-мохияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси хақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Депутат тумандаги Мусиқа ва санъат мактабида Фарғона вилоят прокурори С. Турдиев билан биргаликда 100 га яқин фуқароларни қабул қилди. Мазкур жараёнда 24 нафар фуқаро ишга жойлашишда, 7 нафар фуқаро тиббиёт масаласида, 23 нафар фуқаро моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Юзма-юз мулоқотларда фуқароларнинг мурожаатлари мутасадди раҳбарлар иштирокида жойида ҳал этилди. Мурожаат қилган аёлларнинг 5 нафари (маълумоти ўрта махсус) Фурқат тумани тиббиёт бирлашмасининг реанимация, болалар, терапия ва кадрлар бўлимига ишга жойлаштирилди.
Ўрганишлар чоғида туманда айрим олий маълумотли мутахассис кадрлар ҳам ишсиз юргани маълум бўлди. Ушбу масалалар депутат аралашуви билан ижобий ҳал этилди. Хусусан, Мадаминова Гуласал 7 умумий ўрта таълим мактабида инглиз тили фанидан дарс берадиган бўлди. Раҳмонова Муҳайёхон 16 умумий ўрта таълим мактабига информатика фани ўқитувчиси сифатида ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, Тўрғай, Мустақиллик, Чиркай, Болтакўл ҳамда Капа қишлоғидан газ баллон масаласида мурожаат қилган жами 8 нафар фуқароларга шу кунинг ўзида тегишли тартибда газ баллонлари хонадонларига етказиб берилди. Ишга жойлашишда ёрдам сўраган 13 нафар ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишига ҳудуддаги Чиркай, Қизил қиёқ, Полвонтош МФЙларга ишга жойлаштирилди.
Депутатнинг учрашувлари хайрли ишларга бой бўлди. Султон қишлоғида яшовчи Усмонова Турғуной ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Чиркай қишлоғида яшовчи Бегматова Наргиза ва Тўрғай маҳалласи фуқароси Мамажонова Наимахонга ҳомийлар ёрдамида тикув машинаси совға қилинди. Беш эчки қишлоғида яшовчи Жуманова Зиёдахон Қўқон шаҳар тери таносил касалликлари шифохонасида имтиёзли даволаниши учун ордер билан таъминланди. Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Раҳмонов Бахтиёржон (1 гурух ногирони) туман марказий шифохонасига даволаниш учун ётқизилди.