«Ўзсувқурилиштаъминот» республика бирлашмаси, «Давсувмахсуспудрат» ва бошқа сув хўжалиги корхоналарида далолатномаларга сохта ёзувлар киритиб, 4 млрд. 270 млн. 204 минг сўмлик мол-мулк ва маблағлар талон-торож қилиниб, 71 млн. сўмлик иш ҳақи ноқонуний тўланганлиги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура ҳузуридаги инспекция органлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва сув хўжалиги қурилишига оид қонунлар ижроси доимий назорат қилиб келинмоқда.