Фарғона туманида яшовчи фуқаро Ш. Ш. хонадонидаги электр энергияси ҳисоблагичи билан боғлиқ муаммо туфайли истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Унинг таъкидлашича, хонадонга ўрнатилган электр ҳисоблагичи маълум вақт давомида носоз ҳолатда бўлганига қарамай, электр энергияси учун тўловлар амалга ошириб келинган. Кейинчалик эса фуқаро зиммасига қарздорлик ҳисобланган. Мурожаатда ҳисоблагичнинг техник ҳолатини ўрганиш ва қарздорликнинг қонуний асосларини аниқлаш сўралган.
Мурожаат Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганилиб, масалага ойдинлик киритиш учун Фарғона туман электр таъминоти корхонасига расмий сўров юборилди. Корхонанинг жавоб хатида фуқаронинг хонадондаги ҳисоблагичи ва ҳисоб-китоблари текширилгани маълум қилинди. Ўрганиш давомида ҳисоблагич маълумотлари «HET Billing» тизимига автоматик тарзда узатилмагани, кейинчалик эса ҳисоблагич кўрсаткичлари дастурга нотўғри равишда узатилиб, ҳисоб-китоб амалга оширилгани қайд этилган.
Натижада фуқаронинг ҳисоб-китоби қайта кўриб чиқилди. Ҳужжатларда дастлаб 5 миллион 500 минг сўм атрофида қарздорлик масаласи кўтарилган бўлиб, ўрганиш натижасида ҳисоб-китобга аниқлик киритилди ва истеъмолчининг зиммасидаги қарздорлик қайта ҳисобланди. Натижа фуқарода 5 млн 500 минг эмас, балки 2 403 016 сўм ҳақиқий қарздорлик мавжудлигини кўрсатди.
Мазкур ҳолат коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларда техник маълумотларнинг тўғри шакллантирилиши қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Электр ҳисоблагичи билан боғлиқ носозлик ёки маълумотларни тизимга узатишда хатолик юзага келганида, истеъмолчига тушунарсиз миқдорда қарздорлик ҳисобланиши мумкин.
Шу сабабли хонадондаги электр ҳисоблагичи кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиб бориш, тўлов ҳужжатларини сақлаш ва ҳисоб-китобда кескин ўзгариш сезилса, унинг сабабини аниқлаш муҳим. Агар ҳисоблагичдаги носозлик истеъмолчининг айби билан боғлиқ бўлмаса, масалани ҳужжатлар асосида қайта кўриб чиқишни талаб қилиш мумкин.
Камолиддин Шокиржонов, Фарғона туман жамияти раиси.