Ижтимоий тармоқларда ис газидан заҳарланиш, ёнғин оқибатида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабарлар кўп тарқалмоқда ва бундай фожиаларнинг сабаблари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётир.
Таҳлиллар бу каби фалокатларга асосан кишиларнинг ўз хонадонларида қўлбола иситиш печлари, носоз иситиш ускуналари, газдан резина шланглари воситасида фойдаланиш, бир сўз билан айтганда, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига беписандлик сабаб бўлмоқда.
Айниқса, хонадонларда ностандарт сув иситиш қозонлари, сертификати бўлмаган иситиш печлари ўрнатиб, улардан ясама дудбуронлар орқали фойдаланиш, газ плиталарини хоналарни иситиш мақсадида ёқиб қўйиш, газ асбобларини газ тармоқларига резина шланглар орқали улаб олиш натижасида газдан буғилиш, заҳарланиш, ёнғин ва портлаш каби бахтсиз ҳодисалар келиб чиқмоқда.
– Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш, яъни хонадонларни хавфсиз иситиш, маиший эҳтиёжлар учун табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланиш қоидаларини аҳолига кенг миқёсда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, – дейди Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Н.Алимов. – Ушбу қарорда давлат солиқ идораларига қўлбола ясалган ностандарт иситиш мосламаларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриш вазифаси юклатилган. Айни пайтда солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими томонидан қарор ижросини таъминлашга қаратилган профилактика ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Шундай тадбирларда беш кун мобайнида қўлбола усулда ясалган асбоб-анжомларни ноқонуний равишда сотиш билан боғлиқ 9 та ҳолат аниқланиб, 7 миллион 684 минг сўмлик ноқонуний иситиш мосламалари савдосига чек қўйилди.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасидан олинган маълумотга кўра, Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Наманган шаҳрининг Шерозий кўчасида яшовчи фуқаро А.Жабборов Ғирвонсой бозорида 72 дона, умумий қиймати 2 миллион 300 минг сўмлик, Наманган шаҳрининг С.Адашев кўчасида яшовчи фуқаро А.Жалолов “Чорсу универсал деҳқон бозори” ҳудудида 48 дона, умумий қиймати 619 минг сўмлик, Мингбулоқ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан “Мингбулоқ деҳқон бозори” ҳудудида ўтказилган назорат тадбирида эса тўрақўрғонлик Р.Дарвишев 33 дона, умумий қиймати 480 минг сўмлик ностандарт, қўлбола иситиш печларини сотаётгани аниқланиб, ҳуқуқбузарлардан ноқонуний савдога чиқарилган, носоз иситиш мосламалари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.