Солиқ қўмитаси тадбиркорларни сохта электрон хатлардан огоҳлантирди

Маълум қилинишича, сўнгги кунларда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ҳамда йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси номидан тадбиркорларга сохта электрон хатлар юборилаётгани аниқланмоқда. Қўмита ушбу хабарлар расмий эмаслигини ва улар фирибгарлик мақсадида тарқатилаётганини маълум қилди.

“Мазкур электрон хатлар солиқ тизимида рўйхатдан ўтмаган. Улар таркибидаги ҳаволалар орқали қурилмага зарарли дастурлар юкланиши, шунингдек, шахсий маълумотлар қўлга киритилиши мумкин”, дея огоҳликка чақирди Солиқ қўмитаси.

Солиқ органларининг барча расмий хабарлари фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилишини билдириб, шундай шубҳали хабар юборилган бўлса:

• ҳаволаларни босмаслик;

• илова қилинган файлларни очмаслик;

• маълумотларни фақат расмий манбалар орқали текшириш сўралди.

“Ҳушёр бўлинг, фирибгарлар тузоғига тушманг ва шахсий маълумотларингиз хавфсизлигини таъминланг”, дейилади хабарда.