Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж марказини (TIAC) ташкил этиш тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги Telegram-каналида.
Қарорга мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга ССП ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж маркази ташкил этилди.
Унинг асосий вазифаси жумладан, турли давлатларда жойлашган тижорат ташкилотлари ўртасида юзага келадиган низоларни, хусусан, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этишни ташкил этиш ҳисобланади.
Марказга арбитр сифатида Ўзбекистон фуқароси бўлган мутахассислар билан бир қаторда хорижий давлатлар фуқароси бўлган малакали арбитрлар ҳам жалб этилиши мумкинлиги белгиланди.
Томонларнинг келишувига кўра, низоларни ҳал этишда марказ арбитрлари томонидан бошқа, шу жумладан, хорижий давлатнинг ҳуқуқи қўлланиши мумкин.
Марказ қошида унинг фаолиятига халқаро стандартларни жорий этишга кўмаклашиш мақсадида арбитраж соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислардан, шунингдек, жаҳоннинг эътироф этилган арбитраж марказлари арбитрларидан иборат Кузатув кенгаши ташкил этилади.
Марказга ССПраиси томонидан, қоидага кўра, етакчи хорижий халқаро арбитражларда арбитр сифатида ишлаш тажрибасига эга шахслар орасидан тайинланадиган раҳбар бошчилик қилади.
Қарор билан шунингдек Марказ фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ташкилий-техник тадбирлар белгилаб берилди.