“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.11.2023 йилдаги 596-сонли қарори билан давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ушбу Регламент “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилаларни кам таъминланган деб эътироф этиш, кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ҳамда маълумотнома олиш учун электрон кўринишда ариза тақдим этиш бўйича давлат хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилади, давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимларга мурожаат қилади.
Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи тўлдирилган ҳамда идоралараро ахборот алмашинуви тизими орқали олинган маълумотларни, шунингдек ўзининг оила аъзолари, шу жумладан, 18 ёшга тўлган оила аъзолари тўғрисидаги маълумотлар тўғрилигини текшириб, сўровномани тасдиқлайди.
Бунда ариза берувчи томонидан унинг оила аъзолари тўғрисидаги маълумотларда ноаниқликлар ва хатоликлар аниқланганда, ушбу ҳолатлар ариза берувчи томонидан тегишли орган билан биргаликда 3 иш куни ичида бартараф этилади.
Сўровнома давлат хизмати олишни истаётган ойдан олдинги ойнинг 26-санасига қадар тасдиқланиши лозим. Бунда юқорида кўрсатиб ўтилган муддатдан кейин берилган аризалар белгиланган тартибда кейинги ойда кўриб чиқилади.
Ариза берувчи томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши, уни тасдиқлашнинг рад этилиши, тегишли ҳужжатлар илова қилинмаганда ёки ариза берувчи оиласи “Ягона реестр” АТда кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган бўлса давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади. Хизмат кўрсатиш муддати бир ой, хизмат нархи бепул.
Шахноза Ганиева, Марғилон шаҳар Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.