Вазирлар Маҳкамасининг 22.04.2025 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 252-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Юборувчи ташкилот (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ёки тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентлиги) хорижий шерик билан ҳамкорлик тўғрисида битим тузади. Битим матнининг давлат тилига таржимаси ташкилот сайтида эълон қилиниши кутилмоқда.
Агентлик ўз сайтида иш берувчилар реестрини эълон қилади.
Юборувчи ташкилот «Xorijda ish» меҳнат миграцияси электрон дастурий комплекси базаси маълумотлари асосида хорижий иш берувчи билан дастлабки келишув бўйича номзодларни танлаб олади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий давлатга ташкиллаштирилган ишга юборувчи юридик шахс шартнома асосида иш изловчига бандлик соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатади.
Ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархи улар томонидан мустақил равишда белгиланади.
Юборувчи ташкилот иш изловчидан унинг малакасини ва чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи ҳужжатни сўраш, шунингдек, чет тилини билиш ва касбий яроқлилигини текшириш ҳуқуқига эга.
Гуруҳ шакллантирилганидан сўнг ташкилот номзод билан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномасини тузади.
Ташкилот темир йўл, авиа ва автотранспортга йўл чипталарини банд қилади. Келишувга кўра, йўл чипталари номзод ёки иш берувчи томонидан сотиб олинади.
Номзод хорижий иш берувчи билан келишган ҳолда юборувчи ташкилот ходими кузатувида гуруҳ сифатида ишга жойлаштириш мамлакатига юборилади.
Ўтказилган тадбирлар якунлари бўйича иш изловчини ишга жойлаштириш ҳақида ҳужжат тузилади.
Унга номзод ва хорижий иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси нусхалари илова қилинади.
Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ҳамда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ва кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ташкиллаштирилган тартибда меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга субсидиялар ва компенсациялар Агентликнинг Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади. Маблағлар қуйидагилар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ажратилади:
чет тиллари ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш – имтиҳонларни муваффақиятли топшириш ва сертификат олиш шарти билан БҲМнинг 3 бараваригача миқдорда;
йўл чиптасини сотиб олиш – БҲМнинг 2 бараваригача;
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Дафтар»ларнинг бирига киритилган ва мустақил равишда ишга кетаётган ҳамда ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган оилалар ёки фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек бошқа хавфларни суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш – ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига 300 минг сўмгача.
Шунингдек, немис, инглиз, япон ва корейс тиллари бўйича В1 даражадан паст бўлмаган халқаро сертификат ёки унга тенглаштирилган сертификат олган энг кўп битирувчиларга эга бўлган 50 нафар ўқитувчи Жамғармадан 50 миллион сўм олишлари мумкин.
Субсидиялар ва компенсациялар олиш учун электрон тарзда «Xorijda ish» тизими орқали ёки бевосита Агентликка ариза топшириш зарур.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2025 йилдан кучга кирди.