Ерости томчилатиб суғориш — сув танқислиги шароитида энг самарали усул

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг оғриқли муаммоларидан бири сув ресурслари танқислигидир. Шу маънода, энг самарали суғориш технологияларини жорий этиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омилларидан биридир.

2022 йил якуни ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги жами экин майдонларининг атиги 12 фоизи сув тежовчи технологиялар – ёмғирлатиб ва ерусти томчилатиб суғориш тизими билан қамраб олинган. Ваҳоланки, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатлар аллақачон бундан кўра самаралироқ технология — ерости томчилатиб суғориш усулидан фойдаланмоқда. Ушбу технология импульсли суғориш режими билан комплекс равишда қўлланганда сув сарфини бир неча баробар камайтиради, яъни, жўякли суғоришга нисбатан тахминан 3 баробар, ерусти томчилатиб суғоришга нисбатан 30% камроқ сув сарфланади. Бундан ташқари, ушбу технологиядан фойдаланиш минерал ўғит сарфини кескин камайтириш, шунингдек, маҳсулот сифати ва ҳосилдорлик кескин ошишини таъминлайди.  Бошқача айтганда, ерости импульсли суғоришнинг кенг жорий этилиши мамлакат қишлоқ хўжалигидаги бир қанча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этиш имконини беради. 

Ерости ва импульсли томчилатиб суғориш нима дегани?

Ерости томчилатиб суғориш — суғориш технологияси бўлиб, унда томчилатиб сув юбориладиган махсус қувурлар ер остига жойлаштирилади — улар ўсимликларнинг илдиз тизими зонасида экин турига қараб, 20 дан 70 см гача чуқурликда бўлади. Бу қувурлар камида 10-15 йил давомида ер остида қолади, боғларда эса 30 йилгача ер остида бўлади. Ерости томчилатиб суғоришни жорий этишда барча коммуникациялар ер остига ўрнатилади, фақат кранли гуруҳлар ва фильтр станциялари ер юзасига жойлаштирилади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, ерости томчилатиб суғоришда сув тупроққа ётқизилган қувурлар тизими орқали тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиб берилади. Одатий ерусти томчилатиб суғориш усули сувни бевосита тупроқ устига етказади, бунда намликнинг бир қисми буғланиб, қолган қисми тупроққа сингади. Ер ости томчилатиб суғориш намликни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиб беради, бу эса минимал сув сарфи демакдир.

Мазкур технология инглизчада SDI (subsurface drip irrigation) деб аталади, сўнгги йилларда ушбу технология кўплаб янги ёндашувлар туфайли янги ривожланиш импульсига эга бўлди. Қуйидаги видеода маккажўхори етиштириш мисолида ерости томчилатиб суғориш тизими қандай ишлаши кўрсатилган:

Импульсли томчилатиб суғориш — ўсимлик илдиз зонасида доимий оптимал тупроқ намлигини таъминловчи суғориш режимидир. Импульсли томчилатиб суғориш ўсимликни қисқа муддатли импульслар билан суғориш (масалан, 2 дақиқа ёки ундан ҳам камроқ вақт ичида, тупроқ намлигига қараб – 20 дан 40 дақиқагача интервал билан) деганидир. Шундай қилиб, тупроқда доимий равишда оптимал намлик даражаси сақланиб туради, бу ортиқча намланиш ёки тупроқда намлик етишмаслигини олдини олади. Натижада, ўсимлик илдизлари ҳар доим оптимал аэрация ҳолатида бўлиб, шунинг эвазига, ўсимликни яхши ривожланишига эришилади.

Импульсли томчилатиб суғориш режими ерости ёки ерусти томчилатиб суғориш тизимида қўлланилиши мумкин. Бироқ, бундай суғориш режимида энг катта самарадорликка айнан ерости томчилатиб суғориш билан бирга эришилади, ушбу комбинация ерости импульсли томчилатиб суғориш деб аталади. Суғоришнинг мазкур усули сув ва минерал ўғитлар сарфини минималлаштириб, сув таъминотини аниқ назорат қилиш имконини беради. Шу билан бирга, ўсимлик илдизи атрофида оптимал зона яратилиб, мевалар сифати яхшиланади ва ҳосилдорлик ортади.

Ерости импульсли томчилатиб суғориш — энг самарали суғориш технологияси

Ерости импульсли томчилатиб суғориш нафақат замонавий тенденция, балки суғоришнинг инновацион усулидир. Бу технология ресурсларни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш бўйича ҳозирги кунда мавжуд суғориш усулларидан сезиларли даражада устунликка эга.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) халқаро маслаҳатчиси Сергей Албанинг фикрича, бугунги кунда мавжуд суғориш усуллари орасида ерости импульсли томчилатиб суғориш энг самарали суғориш ва ўғитлаш технологиясидир. Масалан, агар помидорни очиқ тупроқда ерости импульсли томчилатиб суғориш усули билан етиштиришни кўриб чиқадиган бўлсак, у ҳолда жўякли суғориш билан солиштирганда, сув истеъмоли 3 баробар кам, азотли ўғитлар сарфи 2,5 баробар кам, ҳосилдорлик эса 1,5-2 баробар юқори бўлади. Маҳсулот сифати бўйича ҳам катта фарқ бор. Шунингдек, очиқ ерда ерости импульсли томчилатиб суғориш йўли билан помидор етиштиришни ерусти томчилатиб суғориш усулида етиштириш билан солиштирадиган бўлсак, бунда сув сарфи қарийб 30 фоизга кам, азотли ўғитлар сарфи 35 фоизга кам, ҳосилдорлик эса 1,6 баробар юқори бўлади.

Сергей Албанинг сўзларига кўра, ерости импульсли томчилатиб суғоришни қўллашнинг муҳим натижаларидан бири — ер юзасидаги қуруқ тупроқдир, бу эса ўз навбатида, бегона ўтларга қарши курашишга йўналтириладиган харажатлар – ишчи кучи, ёқилғи, техника ва гербицидлар сарфини минималлаштиради.

Боғлардаги тупроқ юзасининг ерости (чапдаги фотосурат) ва ерусти (ўнгдаги фотосурат) томчилатиб суғориш усулини таққослаш

«Сув ва минерал ўғитлар сарфини катта миқдорда тежаш, ҳосилдорликни кескин ошириш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилашдан ташқари, ерости импульсли томчилатиб суғоришнинг афзалликлари қаторига суғоришда техник хизмат кўрсатиш учун ишчи кучи, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари, суғориш насослари учун ишлатиладиган электр энергияси, шунингдек, ёқилғи (операциялар кам амалга оширилиши эвазига) тежашни ҳам киритиш мумкин. Бундан ташқари, ерости импульсли томчилатиб суғориш минерал ўғитларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини кескин камайтиради«, дейди  Сергей Алба.

Ерости томчилатиб суғоришнинг асосий камчиликлари ёхуд нима сабабдан ушбу технология ҳар доим ҳам яхши иш бермайди?

Анъанавий ерусти томчилатиб суғориш усули билан солиштирилганда ушбу технологиянинг асосий камчиликларидан бири дастлабки босқичдаги нисбатан юқори инвестициялардир. Тахминий сармоя миқдори лойиҳанинг мураккаблиги ва турли параметрларга қараб, гектарига $4000 дан $7000 гача бўлиши мумкин. Бироқ, эксперт Сергей Албанинг сўзларига кўра, бу инвестициялар ҳосилдорликнинг кескин ошиши, маҳсулот сифати яхшиланиши, ўғитлар, ишчи кучи ва бошқа харажатларни минималлаштириш эвазига бир мавсумда ўзини оқлайди! 

Ерости томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишда яна бир муҳим жиҳат — бу хатонинг юқори бадалидир, чунки кранли гуруҳлар ва фильтр станцияларидан ташқари, ушбу тизимнинг барча коммуникациялари ер остига жойлаштирилади ва улар кўп йиллар давомида ўша ерда қолади. Айнан шу боис ҳам, ерости томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаш ва жорий этишдаги хатою камчиликлар жуда қимматга тушади.

Савол туғилиши табиий: модомики, ушбу тизим ҳар томонлама афзал ва қулай экан, нега собиқ СССР мамлакатларида кенг тарқалмаган?  Зеро, бошқа мамлакатлар қишлоқ хўжалигида улкан майдонлар мазкур технология ёрдамида суғорилади. Масалан, АҚШда 2 миллион гектардан ортиқ экин майдонлари ерости томчилатиб суғориш усулида суғорилади, Канадада эса ушбу суғориш тизими ҳар йили бир неча минг гектар майдонга ўрнатилади.

Менимча, собиқ СССР мамлакатларидаги асосий муаммо томчилатиб суғориш тизимларини етказиб берувчиларнинг аксарияти ерости томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаш, жорий этиш ва ўрнатишга ўта юзаки ёндашганлигида эди. Улар бу борада етарли билим ва кўникмаларга эга бўлмаган ҳолда бундай тизимларни етказиб бериб, ўрната олишларига мижозларни ишонтиришган, лекин, аслида, жуда кўп хатоларга йўл қўйишган. Шунинг учун ҳам, ўрнатилган ерости томчилатиб суғориш тизимлари ишламаган ёки кутилган самарани бермаган. Бу эса қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчиларнинг ерости томчилатиб суғориш технологиясидан ҳафсаласи пир бўлишига олиб келган ва қай бир маънода, ушбу технологияни фермерлар кўз ўнгида обрўсизлантирган. 

Шунинг учун, ерости томчилатиб суғориш тизимида қуйидаги омиллар муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, барча бирламчи маълумотларни диққат билан ўрганиш —  ҳаммасини энг майда деталларигача таҳлил қилиш ва ҳар бир тафсилотга эътибор бериш керак. Иккинчидан, ушбу тизимни лойиҳалашда пухта ва чуқур ёндашув зарур — бунга томчилатиб суғориш тизимини етказиб берувчи кам сонли компанияларгина қодир. Тизимни лойиҳалашга чуқур ёндашув нимани англатади? Бу тупроқни гранулометрик таҳлил қилиш, ўсимликлараро масофаларни аниқлаш, далалар топографияси, сув манбалари таҳлили ва алмашлаб экишни аниқ-тиниқ тушуниш — ерости томчилатиб суғориш тизими ўрнатилганидан сўнг биринчи йилда, иккинчи йилда ва кейинги йилларда қандай экинлар экиш кераклигини аниқ билиш демакдир. Учинчидан, эҳтиёт қисм ва ускуналарни синчковлик билан танлаш лозим. Ерости томчилатиб суғориш тизимини етказиб берувчи компания бундай тизимларни жорий этиш ва ўрнатишда катта тажрибага эга бўлиши муҳим. Ниҳоят, тўртинчидан, суғориш тизимини барча агрономик омиллар, масалан, алмашлаб экиш, тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш ва ҳоказолар билан бирлаштириш ҳам муҳимдир. 

Ерости томчилатиб суғориш тизимининг ўзи — муайян воситалардан бири. Ушбу суғориш тизимининг муваффақияти мазкур тизим қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг бошқа таркибий қисмлари — алмашлаб экиш, қўлланадиган техника, тупроққа ишлов бериш ва ўғитлаш тизими билан қандай интеграциялашганига боғлиқ«, – дейди Сергей Алба.

Бундан ташқари, кемирувчиларнинг ерости коммуникацияларига зарар етказиши, шунингдек, ўсимлик илдизларининг эмиттерлар (қувурдан сув чиқадиган найчалар) ичига ўсиши хавфи мавжуд. Бироқ, Сергей Албанинг сўзларига кўра, бу икки муаммо осонгина ҳал этилади. Биринчи ҳолатда, найчалар ва шлангларга махсус препарат — кемирувчиларни чўчитувчи денатониумбензоат ёки уларни ҳалок қилувчи Сальмонелла Исатченко препарати билан ишлов берилади. Иккинчи ҳолатда, эмиттерларга ўсимлик илдизлари ўсишининг олдини олиш учун Rootguart технологияси ёки пендиметалин каби гербицидларни кам ҳажмда қўллаш усули жорий қилинади.

Тупроқ тури бўйича ерости томчилатиб суғориш усулини қўллашда қандай чекловлар бор?

Сергей Албанинг сўзларига кўра, тупроқ турлари бўйича ерости томчилатиб суғориш (импульсли суғориш режими билан бирга ёки усиз)ни жорий этиш учун ҳеч қандай тўсиқ ёки чекловлар йўқ. Ушбу технологияни барча турдаги тупроқда қўллаш мумкин. Тупроқ турига боғлиқ бўлган тизим параметрлари – эмиттерлар орасидаги масофа ва қувурларни ер остида жойлаштириш чуқурлигидир.

Маълумки, Ўзбекистонда суғориладиган ерларнинг қарийб 53 фоизида турли даражадаги шўрланиш ҳолати кузатилади (2023 йил якунига кўра). Экспертнинг фикрича, ерости томчилатиб суғориш технологиясини шўрланган тупроқларда ҳам муваффақиятли қўллаш мумкин. Қолаверса,ушбу суғориш технологиясини жорий этиш тупроқнинг шўрланиш даражасини пасайтиришга кўмак беради.

«Шўрланган тупроқларда ерости томчилатиб суғориш (импульсли режимда ёки усиз) усули жорий қилинганида мазкур тизим орқали қуйи қатламларда заҳарли натрийни ювиб юборувчи гептаглюкон кислотаси ва калций-лингосульфунат қоришмаси каби препаратлар юборилади. Ўз навбатида, бу тупроқ тузилишига ижобий таъсир кўрсатиб, шўрланиш даражасини камайтиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, ушбу суғориш технологияси ёрдамида тупроқ шўрланиши муаммосига қарши муваффақиятли курашиш мумкин«, – дея хулоса қилади БМТ ФАО халқаро маслаҳатчиси Сергей Алба.

Наврўз ХУРРАМОВ.