Ҳеч кимга сир эмас, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврда инсониятнинг соғлом турмуш тарзига қаратилган таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Шулардан энг хатарлиси гиёҳвандлик воситалари, психотроп ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари саналади.
Бундай воситалар, айниқса, ёшларнинг ҳаётини заҳарлаб, уларни ўзига қарам қилиб олади. Турли жиноят ва қинғир ишларга сабаб бўлади. Ана шундай хатарларнинг олдини олиш, бундай воситаларга қарши биргаликда курашиш мақсадида ички ишлар органлари томонидан доимий равишда тадбирлар ташкил этилмоқда.
Масалан, Қўқон шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат – харид” тезкор қидирув тадбири давомида шаҳарнинг А.Чархий кўчасида фуқаро М.Ф. “махсус харидор”га яшил рангли целлофан пакет парчаларига ўралган, 4 дона алоҳида бўлаклардаги гиёҳвандлик воситасини 410.000 сўм эвазига сотаётганида ушланиб, пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу модда “гашиш” гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва соф оғирлиги 2,29 граммни ташкил қилиши аниқланди.
Фарғона тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида эса Қ.Х. исмли фуқаро Ш.И. исмли шахс билан Фарғона шаҳар, А.Қодирий кўчасида кўришиб, унга 8.000 АҚШ доллари эвазига қора рангли целлофан пакетга ўралган 1 кг оғирликдаги “гашиш” гиёҳванд моддасини сотган вақтида далилий ашё билан қўлга олинди.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган материаллар одил судловга юборилди. Ҳа, оғу савдоси орқали мўмай даромад топиш истагида бўлган шахсларга жазо муқаррардир.
Ў. ҲУСАНОВ, Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, подполковник.