Япония ва Полшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди

Тошкент ва Самарқандда фуқароларни хорижий давлатларга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Яшнобод туманида фуқаро Б.Х. А.А.нинг ишончига кириб, уни Японияга ишга юбориши эвазига 7 400 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида фуқаро А.Қ. (муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган) 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Польшага ишга юбориши эвазига жами 10 700 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.    

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.