Президент томонидан имзоланган “Пробация тўғрисида”ги қонунга кўра, шахсни пробация ҳисобига қўйиш мазкур шахснинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) пробация бўлинмасининг ходими томонидан пробацияга оид ахборот тизимига маълумотларни киритиш орқали амалга оширилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Электрон кузатув воситаси (электрон браслет) озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ тартиби талабларини бажармаётганлиги тўғрисида расмий равишда огоҳлантирилган ёки озодликни чеклаш тарзидаги жазони ўташ даврида жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган пробация назоратидаги шахсга нисбатан туман (шаҳар) пробация бўлинмаси бошлиғининг қарори асосида қўлланилади.
Пробация назоратидаги шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатиш уларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.
Пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори белгиланган мезонлар асосида ҳар 3 ойда баҳоланади ва уларнинг ижтимоий-психологик қиёфаларида акс эттирилади.