Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида «Муқанна» кўчасида яшовчи истеъмолчи Ў.Ё.нинг муддатли тўлов шартларида харид қилинган блендерни носоз чиққанлиги ҳолати юзасидан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у блендерни 2023 йилнинг май ойи охирларида бир йиллик кафолат муддати ҳамда товар нархини бўлиб тўлаш шарти билан 700 000 сўмга харид қилган. Орадан муайян вақт ўтиб унда нуқсонлар кузатилгач бу борада сотувчига ва сервис марказига мурожаат қилган. Сервис марказидагилар блендерни тузатиб бўлмаслигини айтганларидан сўнг уни сотувчидан бошқасига алмаштириб олишга ҳаракат қилган, лекин бундан натижа чиқара олмаган. Шундай бўлсада, муддатли тўлов шартномаси асосида ойлик тўловларни тўлаб келган.
Шаҳар жамияти мутахассислари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, хусусан истеъмолчига сотилган товарда кафолат муддати мобайнида нуқсонлар аниқланиши ва бу ҳолда сотувчининг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилиши билан, нуқсонли товар бошқа худди шундай товарга алмаштириб берилиб, муаммо бартараф этилишига эришилди.