Риэлторлик фаолиятига лицензия беришда қандай ўзгаришлар бўлди? 

2018 йилнинг 1 июнидан риэлторлик фаолиятига лицензия бериш тартибида қатор ўзгаришлар юз берди. Бу президентнинг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек бизнес юритиш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.

Хусусан, эндиликда риэлторлик фаолиятига лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари томонидан берилади.

Бундан ташқари, ариза берувчи томонидан тақдим этилувчи хизматлар сифатини назорат қилиш бўйича тасдиқланган ички қоидалар ва лицензия берувчи орган томонидан тасдиқланган намунали қоидалар нусхаларини тақдим этиш борасидаги талабини бекор қилиш ҳисобидан тақдим этилувчи ҳужжатлар сони қисқартирилади.

Риэлторлик ташкилотлари учун устав капитали мажбурий ҳажми қисмида лицензия талаблари, риэлторлик ташкилотининг риэлторлик хизматлари буюртмачиси олдидаги фуқаролик мажбуриятини риэлторлик ташкилотлари учун мажбурий устав капитали суммасидан кам бўлмаган миқдорда мажбурий суғурталаш талабини жорий этиш билан бекор қилинади.

Риэлторлик ташкилотлари ходимларининг малака ошириш давомийлиги 1 йилдан 3 йилга оширилади.

Риэлторлик хизматларини кўрсатилаётган хизматлар қийматининг камида 15 фоизи миқдорида дастлабки тўловсиз кўрсатишга рухсат берилади.

Шунингдек, кўчмас мулк объектлари ва уларга ҳуқуқ савдосини реал вақт режимида ўтказиш бўйича электрон савдо майдончаси ишлаб чиқилади ва жорий этилади. Риэлторларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан электрон ҳамкорлигини амалга оширишга имкон берувчи онлайн платформа яратилади.