Бугунги кун истеъмолчиларини қандай муаммолар қийнамоқда? Ижтимоий сўровнома натижалари

“Бугунги кунда истеъмолчиларни қийнаб турган муаммоларнинг келиб чиқишини асосий сабаблари, уларни келтириб чиқараётган омилларни ўрганиш ва Фарғона вилояти мисолида ёритиш” лойиҳаси асосида аҳоли ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Ижтимоий сўровнома иккита саволдан иборат бўлиб, ҳар бирига 3 тадан жавоб варианти таклиф қилинди. Сўровнома матнида “қонун” дейилганда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун назарда тутилди.

Унда 4 минга яқин респондентлар қатнашди. Натижалар қуйидагича бўлди:

1. Кундалик турмуш жараёнида истеъмолчи сифатида турли муаммоларга дуч келинишининг энг асосий сабаблари нимада деб ўйлайсиз?

А). Истеъмолчига олди-сотди (иш ва хизматлардан фойдаланиш) жараёнида шу товар (иш, хизмат)га оид бўлган, етарли даражадаги маълумот берилмаслигида – 26,3 %;

Б). Аҳолида истеъмолчилик соҳасига оид билимларнинг етишмаслиги, бу борада етарли даражада таълим берилмаслигида – 25,5 %;

В). Амалдаги қонуннинг бугунги кун талабларига жавоб бера олмаётганида – 48,1 %.

Cўровнома «Nuqtainazar.uz» телеграм-каналида ҳам ўтказилди. 27 февраль ҳолатига бу ерда 2125 нафар респондентлар овозларини берганлар.

2. Бугунги кун истеъмолчиларини қийнаб турган муаммоларни олдини олиш, такрорланмаслигига эришиш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш керак деб ўйлайсиз?

А). Аҳолига истеъмолчилик соҳасига оид таълим ва билим бериш ишларини кучайтириш керак – 38,0 %;

Б). Қонунбузилиши ҳолатлари содир этилганлиги учун жазо санкцияларини кучайтириш керак – 25,6 %;

В). Қонун талабларини сотувчи (ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи)лар томонидан бажарилмаслиги (бузилганлиги) учун жазоланиши бўйича амалдаги нормаларни сақлаб қолган ҳолда, ўз вақтида бажаришларидан кўпроқ манфаатдор бўладиган нормаларни ҳам киритиш керак – 36,4 %.

Cўровнома «Nuqtainazar.uz» телеграм-каналида ҳам ўтказилди. 27 февраль ҳолатига бу ерда 1058 нафар респондентлар овозларини берганлар.

«Жамиятдаги иқтисодий муносабатларнинг турларидан бири бу истеъмолдир. Бизнинг ҳар биримиз истеъмолчи сифатида ҳаракат қиламиз. Иқтисодчилар истеъмолни иқтисодиётнинг якуний мақсади сифатида белгилайдилар. Бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчи товар ва хизматларга талабни яратади. Демак, истеъмолчи товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш жараёнларини узлуксизлиги таъминланишида ҳал қилувчи омилдир. Сўровнома натижалари амалдаги қонуннинг бугунги кун талабларига жавоб бера олмаётганлиги кундалик турмуш жараёнларида истеъмолчи сифатида турли муаммоларга дуч келинишининг энг асосий сабабларидан бири эканлигини, аҳолига истеъмолчилик соҳасига оид билим ва таълим бериш ишларини кучайтириш билан кўплаб муаммоларни ҳал қилинишига эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда», – дейди сўровнома ташаббускори Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ходими Ғайрат Маматқулов.

Тадқиқотдан аҳоли ўртасида сўровномалар, шахсий кузатувлар ўрин олган.

ВИДЕО:

Мустақил тадқиқот доирасида соҳага дахлдор идораларда фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан ҳам суҳбатлашилди.

ВИДЕО: