Фарғонада ёшлар ҳуқуқий маданиятини оширишга эътибор қандай бўлмоқда?

Фарғона вилоятида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган турли тадбирлар, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича вилоят судида бўлиб ўтган “Суд ва ёшлар” мавзуидаги учрашувда Фарғона юридик коллежи ўқувчилари мамлакатимизда одил судлов тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида кенг тушунчага эга бўлди.

Мамлакатимизда “Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати” деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришиши йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Учрашувда ёшларга қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши хусусида атрофлича сўзлаб берилди. Ёшлар суд биноси, суд мажлиси заллари, бу ердаги музей, иш юритиш тартиби билан танишиб, судьялар билан мулоқотда бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг раиси М.Иброҳимов ўқувчи-ёшларга жиноят иши бўйича суд муҳокамасини ўтказиш тартиби, бу борада Жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари ҳақида маълумот берди. “Судланганлик ҳолатининг умумий аҳамияти, судланганликни олиб ташлаш тартиби”, “Юксак ҳуқуқий онг ва ёшлар маънавияти”, “Гиёҳвандлик жинояти тушунчаси ва унинг олдини олиш масалалари”, “Жиноят судларида иш юритиш тартиби ва қоидалари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.