Чустдаги муаммолар қачон ечим топади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг аҳоли билан мулоқотлари давом этмоқда. Ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси Наманган вилояти, Чуст тумани аҳолиси билан бўлиб ўтди.

Учрашув давомида ҳудудда ечимини кутаётган йўлларни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг аксариятини меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш каби масалалар ташкил этди.

Яна бир гап. Ҳудудда ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳам кўп. Туман аҳолиси ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келтириши боис сув нархи ёз кунларида кескин ошиб кетмоқда. Бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Кўп йиллардан буён тоза ичимлик суви муаммосидан қийналамиз. Ташиб келаётган сувимиз ҳам истеъмолга яроқсиз, шўр. Қолаверса, маҳалламизда транспорт таъминоти ҳам яхши эмас, туман  марказига бориб келишга қийналамиз”, – дейди “Шербилак” МФЙда яшовчи Орзигул Ирисқулова.

Тоймасобот МФЙда яшовчи Иброхим Миралиев тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун 20 сотих ер сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Бироқ орадан шунча вақт ўтсада фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилмаган.

Ишчи гуруҳ ташрифидан сўнг, тадбиркорнинг муаммоси ҳал этиладиган бўлди. Партия фаоллари муаммони жойида ўрганишди ва ижросини назоратга олишди.

Шу ҳудудда яшовчи Наргиза Ашурматова миллий ҳунармандчилик хусусий корхонагасига қарашли фойдаланилмай ётган ер майдонида иссиқхона барпо этиб, 2 нафар фуқарони иш билан таъминлаш ниятида. Лекин ер ажратилишида муаммолар бўлаётгани сабабли унинг орзуси амалга ошмаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Раҳимжон Хакимов мазкур мурожаатни ҳал этишни тегишли мутасадди ташкилотлар зиммасига юклаб, ижросини назоратга олди.

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби