Президентнинг 15.11.2023 йилдаги «Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга (КЎБ) кенг жалб қилишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:
-
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўқитиш орқали уларнинг бизнес ташаббусларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлаш тизимини йўлга қўйиш ва «оилавий тадбиркор – микробизнес – кичик бизнес – ўрта бизнес» занжири асосида уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
-
давлат дастурлари доирасида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ, «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ва бошқа ҳамкор тижорат банкларидан иборат яхлит молиявий тизим асосида қўллаб-қувватлаш;
-
тадбиркорликка ўқитиш, КЎБ лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда бизнес жараёнларининг барча босқичларида доимий ҳамроҳлик қилишни «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖлар ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖда ҳамда электрон платформаларда амалга ошириш.
Ҳужжат билан 2024–2026 йиллар учун «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ фаолиятининг асосий мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Хусусан, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ бўйича кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 бараварга ошириш орқали кредит портфелидаги улушини 28 фоиздан 43 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, банк 300 млн АҚШ доллари миқдорида облигация (евробонд)ларни халқаро капитал бозорларида муомалага чиқаради.
Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилиш бўйича республика комиссияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
«Ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш учун «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» МЧЖлар ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖнинг вакиллари ССПнинг ҳудудий бошқармалари биноларига жойлаштирилади.
Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш ва уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида 2024 йил 1 июлдан бошлаб:
-
кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади;
-
кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;
-
ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;
-
давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.
2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат харидлари порталида давлат иштирокидаги йирик корхоналар билан кооперация асосида ташкил қилинган кичик тадбиркорлик субъектларига ўзлари ишлаб чиқарган товарларни (маҳсулотларни) давлат буюртмачиларига бир молия йили давомида жами 10 млрд сўмгача қийматда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишга рухсат берилади.