Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида фуқаро Г.М.нинг ички ишлар идорасининг ишонч телефонига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича ўрганилди.
Мурожаатда айтилишича, Г. М. Тошлоқ туманида жойлашган “Texnomart” кредит савдо дўконидан “Artel” маркали кир ювиш машинасини кредит шартларида харид қилган. Аммо хонадонга келтирилиб ўрнатилган кир ювиш машинаси истеъмолчига маъқул келмаган. Шу туфайли у савдо дўконига мурожаат қилиб, маиший техникани бошқа турдагисига алмаштириб беришларини сўраган. Ўз сўровига рад жавобини олган истеъмолчи ушбу масалани кўриб чиқиб, қонуний ҳал қилиб берилишини сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилган.
Ушбу мурожаатни кўриб чиқишда бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш керак бўлади. Яъни истеъмолчи мурожаатида харид қилинган кир ювиш машинасида нуқсонлар мавжудлиги эмас, балки унинг қайсидир истеъмол хоссалари ёқмаганлиги (ўлчам, фасон, ранг ва ҳ.к.) важ қилиб кўрсатилмоқда. Бу эса уни «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра, мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан алмаштириб олиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун етарли асос бўлиб ҳисобланмайди.
Сабаби ушбу турдаги техникалар шу модданинг 4-қисми тартибида Ҳукумат томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 1-иловасида келтирилган зарур сифатдаги, қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари рўйхатига киритилган. Ушбу рўйхатга киритилган товарлар бўйича эса истеъмолчи фақатгина уларда нуқсонлар аниқланган тақдирдагина алмаштириш ва шу каби талабларини қўя олади.
Мурожаатни ўрганиш доирасида томонларга юқоридаги ҳолатлар ҳамда қонун талаблари бўйича тушунтиришлар берилгач, истеъмолчи мақбул сифатдаги маиший техникани алмаштириб олиш талабини бекор қилишга қарор қилди.