Мен Бозорова Ойрўзи боғчада 1.5 ставка мусиқа раҳбари бўлиб ишлардим. 12.08.2022 йилдан туғруқ таътилига чиқдим. 16.12.2022 йилдан туғруқ таътилидан қайтиб меҳнат таътилига чиқдим. Меҳнат таътилим 30.01.2023 йилда тугади. Ишга чиқмоқчиман. Раҳбаримиз менга фақат 0.5 ставка билан ишлашингиз мумкин деяпти. Мен 1.5 ставка билан ишлашим мумкинми?
Жавоб:
— Амалдаги Меҳнат кодексининг 233-модасида “Аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.” деб белгиланган.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Шунингдек, Кодекснинг 234-моддасига асосан “Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонунчиликда белгиланган тартибда нафақа тўланади.” деб белгилаб қўйилган.
Аёл ўз хоҳишига кўра, болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлаши мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан олти йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади.
“Меҳнат кодекси” нинг 89-моддасига асосан Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлилиги кўрсатилган.
Шунга асосан, юқоридаги ҳолатда ходим ўзининг асосий ишини (1.0 ставкада) давом эттириши мумкин.