Фарғона вилоятининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларидан олган маълумотларимизга қараганда 2022 йилнинг декабрь ойи ҳисоботларида вилоятдан 32 минг нафар хотин-қиз чет элга иш излаб чиқиб кетган.
Уларнинг асосий қисми Россия, Туркия, БАА, Ҳиндистон давлатларида турли ишларда ишлаб, оиласи ва болаларидан узоқда яшамоқда.
Мигрант аёлларнинг тақдири тушунарли. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида чиқишлар қилиш, ҳикояларини эшитиш мумкин. Аммо бизни ўйлантирадиган, ҳаммани безовта қиладиган яна битта мавзу бор. Бу – мигрант аёлларнинг фарзандларининг тақдири.
Бу ҳақда ҳам юзлаб ҳикоялар айтиш мумкин. Агар ота чет элга ишлаш учун кетса, буни тушунса бўлади. Ҳар ҳолда она бу ерда болалари билан бирга бўлади, уларни оқ ювиб, оқ тарайди. Ота юборган пулни тежамкорлик билан ишлатиб, отанинг меҳрини ҳам болага билдириб туради. Аммо, лекин, бироқ….
Нега аёллар чет элларга иш излаб кетяпти, нега улар йиллаб ўз болалари билан фақат алоқа воситалари орқали гаплашиб, болаларини катта бўлаётганлигини узоқдан кузатиб турибди? Бу ерда бобо-бувиси, акаси, опаси, тоғаю холаси қарамоғида қолган болалар нимани ўйлайди уларнинг орзулари қандай, болалар ўз келажагини қандай тасаввур қилади?
Шу саволларга жавоб топиш мақсадида биз онаси ва отаси Россияга, Туркияга ишга кетган болалар билан гаплашдик. Баъзилари ўз ҳикояларини айтиб беришни исташмади, баъзилари бунга рози бўлишди.
5-6 ёшли болажонлар фақат “аямни соғиндим, тезроқ келишини истайман” деган жавобни берган бўлса, катта синфларда ўқувчи болаларнинг фикрлари сал бошқачароқ чиқди.
— Исмимни ёзманг, — деди онаси ва дадаси Россияга ишлаш учун кетган 10-синф ўқувчиси З.A. – Агар интернетга чиқиб кетсам, ҳамма устимдан кулади. Ўртоқларимдан уяламан. Тўғриси, ота-онам билан бирга яшашни, уларни ҳар куни “тиригини” кўришни истайман. Уларни деярли кўрмасдан катта бўляпман. Улар ўз меҳрларини менга “онлайн” тарзда ҳадя этмоқдалар. 2012 йилда мен ҳали мактабга бормасимдан Россияга 2 ёшли укамни олиб кетишган. Мен эса бувим ва бобомнинг қарамоғида қолганман. Бувим боғчада ҳам, 1-синфга чиққанимда ҳам ҳеч кимдан кам қилмай янги кўйлаклар, туфлилар, ҳамма нарсани олиб берарди. Шоколад ҳам, музқаймоқ ҳам бўларди. Аммо дадам ва аямни росса соғинардим.
Мана ҳозир 10-синфда ўқияпман. Дадам ва аям ҳалиям Россиянинг Нижний Новгород деган шаҳрида. Яхши пул жўнатишади, айтган нарсамни олиб берворишади. Ҳар куни “Imo”да гаплашамиз. Аммо…. аямга ҳам айтадиган гапларим, сирларим кўпайиб кетяпти. Бувим ҳам менга яхши қарайди. Доим нима десам олиб беради. Росса қаттиққўл. “Агар сенинг тарбиянгга қаттиқ турмасам, одоб чегарасидан чиқиб кетасан. Кейин ҳамма “аяси ва дадаси Россияда юргани учун, қизининг тарбиясига бувиси эътибор бермабди” деб мени айблайди”, дейдилар.
Уйда ҳамма ишни ўзим қиламан. Кир юваман, уй супураман, овқат қиламан. Хуллас бўш вақтим йўқ. Келажакда шифокор бўлмоқчиман. Бунинг учун мактабдан ташқари биология ва кимё фанларидан репетиторга бораман. Репетитор пулини ҳам аям жўнатадилар. Аям доим менга “Яхши ўқигин, мен мана олий маълумот ололмаганим учун совуқларда ишлаб юрибман. Агар мактабда яхши ўқиганимда, олий маълумот олардим. Ўқитувчими, дўхтирми бўлардим. Иссиққина хоналарда чиройли кийиниб, мазза қилиб ишлардим” деб кўп гапиради. Шунинг учун ҳозир энг кўп вақтимни биология ва кимёни ўрганишга сарфлаяпман” дейди З.A.
-2010 йилда катта ўғлим 5- синфда эди. Қизим 4-, кичкина ўғлим 2 -синфда ўқирди. Мен пул топиш, болаларимнинг келажагини яхшилаш учун муҳожирликка чиқиб кетдим. Катта ўғлим отасида қолди. Чунки ўғил болага отанинг тарбияси зарур эди. Қизим ва кичик ўғлимни онамга қолдирдим. Уччаласи ҳам Учкўприк туманидаги 20-мактабда ўқишган. Москвада ишлаб юриб, уй олдим. Онам қариб қолгани учун, ўғил бола тарбиясида қийналмасин деб, кичик ўғлимни ҳам отасининг қарамоғига жўнатдим. Дадасининг кўз олдида бўлгани яхши эдида. Москвада ишласам ҳам, юрагим, бутун борлиғим фарзандларимда бўлди. Болаларимнинг ўқитувчилари билан мунтазам телефон орқали боғланиб, уларнинг ўқиши, одоб-аҳлоқи, тарбиясини суриштириб турдим. Уларнинг ўқишини Москвада бўлсам ҳам назоратимга олгандим. Қизим мактабни тугатгандан кейин синф раҳбари, ўқитувчилари ёрдами билан Қўқон тиббиёт коллежига ўқишга кирди. Ўша ерда ҳам барча ўқитувчилари билан алоқада бўлиб турдим. Доимо “қизимнинг ўқиши яхшими, одоби қанақа, юриш-туришида ўзгариш йўқми, баҳолари пасайиб кетмаяпти” деб сўраб турардим. Ўқишдан ташқари Қўқон шаҳридаги туғруқхонада амалиёт ўтаган, иш ўрганган. Ўша пайтда ҳам унга иш ўргатган ҳамширалар билан ҳам телефон орқали гаплашиб турганман. Ҳозир қизим Фарғона жамоат саломатлигини сақлаш институтининг 4-курс талабаси. Турмушга узатганман. Бир нафар фарзанди бор. Ўғлим ҳам жисмоний тарбия ўқитувчиси. Кичкинам эса олий таълим олишни истамаяпти. У устачилик қиламан, зўр ҳунарманд бўламан, дейди. Унга ҳам олий таълим олиши учун барча шароитни яратиб беришимни, ўзим узоқда бўлсам ҳам, унга моддий ва маънавий кўмак беришимни қайта-қайта айтавераман.
Ҳозиргача болаларимнинг энг оғриқли саволи “Қачон келасиз, сизни соғиндик” деган ибора. Бу саволни улар ҳар куни беришади. Ҳар доим улар билан очиқ-ойдин гаплашишга ҳаракат қиламан. Уларга ҳар қандай муаммо ва ташвишларингиз бўлса айтинглар, мендан сир яширманглар, ҳар қандай ишни мен билан маслаҳатлашиб қилинглар” дейман. Ота-она фарзандини тинглаши, уларга тўғри йўл кўрсатиши, дарров айбини топмасдан, елкадош бўлиши керак. Болаларимни ҳозир ҳам эркалатаман, уларнинг ютуқларини эшитсам, тақдирлайман. Фарзандларимга ёқадиган совғаларни жўнатиб юбораман. Уларга доимо далда бераман.
Энг кўп қийнайдиган нарса соғинч. Болаларимдан узоқда бўлганим учун уларнинг катта бўлганини, мактабдаги битирув оқшомларини фақат расмлару видеоларда кўрдим. Уларни ҳар дақиқа соғинаман. Аммо менга бир нарса таскин беради, муҳожирликда ўтказган 13 йиллик умрим беҳуда кетмади деб, ўйлайман. Узоқда бўлсам ҳам фарзандларимга яхши тарбия бера олдим. Бахтли онаман, — дейди Москвада фаррошлик қилувчи Гулчеҳра Акбарова.
Юқорида айтганимиздек, бу мавзуга ҳали қайтамиз. Ҳали яратилажак ҳикоялар олдинда.