Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Туркияда рўй берган талафотли зилзила оқибатида вайроналар остида қолган 135 нафар ҳалок бўлганларни олиб чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, қутқарувчилар 13 февраль вайроналар остидан яна 28 нафар ҳалок бўлганларни олиб чиққан. Шу билан ўзбекистонлик қутқарувчилар томонидан олиб чиқилган ҳалок бўлганлар сони 135 нафарга етди. Ҳудудда президент топшириғига асосан 100 нафар қутқарувчи қидирув ишларини олиб бормоқда. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Қидирув-қутқарув ишлари бошлангандан буён, яъни 7 февраль кунидан ўзбекистонлик отрядлар томонидан 16 нафар жабрланганлар қутқарилиб, 135 нафар ҳалок бўлганлар олиб чиқилди. Ўзбекистон қутқарувчилари хизмат итлари ёрдамида икки кишини қутқариб қолган эди. Уларни вайроналар орасидан чиқариб олиш Мексика ва Туркия қутқарувчилари билан ҳамкорликда амалга оширилган. Ҳозирда ҳудудда Ўзбекистондан юборилган 100 қутқарувчи ва 70 дан ошиқ Мудофаа вазирлиги томонидан юборилган шифокор хизмат қилмоқда.