Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказилади

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 15 декабрь куни президент мазкур ҳужжатга имзо чекди.

Қонунга гендерга оид аудит тушунчаси киритилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, шунингдек гендерга доир комплекс ёндашув ўрганилади ҳамда баҳоланади.

Гендерга оид аудитнинг асосий вазифалари:

  • давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ўрганади.

  • давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этганлиги ҳолатини ўрганиб чиқади.

  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиш ҳолатини баҳолайди.

  • хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Шунингдек, гендерга оид аудит тасдиқланган уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.

Шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашув тушунчаси ҳам қонунда белгиланди. Унга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятини, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ташкил этади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.